Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Ҳақиқат мендан устун»
09:29 / 2021-09-18

Пойтахтимиздаги муҳташам Адиблар хиёбонида «Ипак йўли дурдонаси» халқаро фестивали доирасида ҳужжатли фильмлар намойиши давом этмоқда.

«Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби, таниқли адиб Абдулла Қаҳҳор ҳаёти ва ижоди ҳақидаги «Ҳақиқат мендан устун» ҳужжатли фильми кенг оммага намойиш этилди.

Кинокартина Кинематография агентлигининг «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси» ДУК ҳамда Тошкент молия институти билан ҳамкорликда суратга олинган.

Премьерадан аввал  адиб ҳайкали пойида тадбир ташкил этилди. Тошкент молия институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида маърузалар тингланди. Адабиётшунос олимлар Абдулла Қаҳҳорнинг бой маънавий меросига тўхталар экан, унинг сўз юкини ҳис қилган, бадиий адабиётни яхши тушунганлигини алоҳида эътироф этишди.

– XX аср ўзбек насрининг етук вакили Абдулла Қаҳҳор ҳаёт йўли бир мунча оғир ва чигал даврда кечган, – На тизимга бўйсуниб бўларди, на тузумга. Шундай оғир даврларда ҳам у адабиётга, сўзга содиқ қолди. Такрорланмас, бетакрор асарлар ёзди. Ҳақиқатни қоғозга туширди, ёлғон-яшириқлардан ўзини узоқ тутди. Ҳужжатли фильм ҳам «Ҳақиқат мендан устун», деб бекорга номланмади. Абдулла Қаҳҳор яшаган даврларда адабиётга содиқ қолиш, мақсади йўлида собит туриш мушкул эди. Аммо адиб буни уддалади ва таваллудига 114 йил бўлсада ҳамон эсланади, асарлари севиб ўқилади.

«Ҳақиқат мендан устун» фильми  съёмка жараёнлари адиб туғилган хонадон, уй-музейи, кутубхона, Адиблар хиёбони ва бошқа объектларда бўлиб ўтган. Картина архив кадрлар ва интервьюлар билан янада бойиган. Адибнинг асарлари ёзилиш тарихи, муҳим воқеликлар, характеридаги алоҳидалик сценарий муаллифининг эътиборидан четда қолмаган. Картинада адибнинг ўйга чўмган, ижод оғушида маст бўлган ҳолатлари тасвирида у ҳақидаги бор маълумот томошабинга етказишга уринилган.

Картина сценарийсини журналист Иқбола Қўшаева ёзган. Фильмга Музаффар Қорабоев, Илҳомжон Ҳайдаровлар режиссёрлик қилган. Оператор Самижон Суннатиллаев, рассом Суҳроб Тўйчиев, монтажчи Ҳусан Юсупов.

Адиблар хиёбонидаги ҳужжатли фильмлар тақдимоти 29 сентябрга қадар давом этади.

Д. Маматова, ЎзА