Шўролар тузуми даврида ҳақиқатни айта олган, тарихнинг аччиқ сабоғи, ҳаёт ҳақиқатларини акс эттиришда Назир Сафаров катта жонбозлик кўрсатган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Назир Сафаров таваллудининг 120 йиллигига бағишланган адабий анжуман бўлиб ўтди.
Адабий анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ва бошқалар адиб, публицист Назир Сафаровнинг ижоди, инсоний фазилатлари ҳақида батафсил тўхталди.

– Назир Сафаров асарларини болалигимиздан ўқиганмиз, - деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. – У улуғ ижодкор бўлиши билан бирга, бағрикенг, меҳрибон, сахий, одамий инсон эди. Атоқли журналистларимизнинг аксарияти Назир аканинг меҳридан, яхшиликларидан баҳраманд бўлганлар. Ижодкор мустабид тузумнинг энг мураккаб даврида яшади. Унинг давр билан боғлиқ ижод намуналарини, айниқса Иккинчи жаҳон уруши йиллари қаҳрамонлари, қатнашчилари ҳақидаги очерклари мусаввирона тасвирлангани билан аҳамиятлидир. Назир Сафаровнинг “Наврўз” романи катта тарихий қийматга эга экани билан ажралиб туради. Унинг ижоди ёшлар учун ҳам ибрат манбаидир.
– Улуғ адибимиз кеч бўлса-да, эсга олинаётгани адабий ҳаётимизда катта воқеадир, - деди Республика “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раисининг ўринбосари, устоз журналист, таниқли публицист Шароф Убайдуллаев. – Назир Сафаров фавқулодда оддий одам эди. Эшиги эрталабдан кечгача очиқ турарди. Назир Сафаров жуда қўли очиқ, сахий инсон эди. У муаммоли томони бўлмаса, бирорта мақолага қўл урмасди. Ижодкор ҳақида ёзувчи Муҳаммад Али “Назир Сафаров” номли монография чиқарган. Шу китобнинг бир хусусияти бор. Унда Назир Сафаровнинг ҳақгўй ижодкорлиги таъсирчан очиб берилган. Ўтган асрнинг 70-йилларида “Минг тонначилик” номли ташаббус юзага келган. Бу ташаббуснинг пахтакорларга қийинчилик келтирадиган жиҳатларини Назир Сафаров ўз танқидий мақоласида ҳаққоний акс эттирган эди. Ана шу мақола “Гулистон” журналида чоп этилганди. Назир Сафаров 11 ёшида Жиззах қўзғолонининг ичида бўлган. Бу тарихий воқелик унинг асарларида ҳам акс этган. Ёзувчининг 120 йиллигини нишонлаш унинг ўзига ҳеч нима бермайди. Бу бугунги ижодкорлар, ёшларимиз, бўлажак журналистлар учун жуда муҳимдир.

– Жиззах жигаргўша юртимиз, - деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – Истибдодга қарши энг катта қўзғолон Андижондан кейин, Жиззахда бўлган. Тўғри гап туққанингга ёқмайдиган замонларда Назир Сафаров шуларнинг барини йўл-йўриғи билан айта олган ижодкор эди. У халқ учун куйиб-ёнган, фаол, чарчамас ижодкор эди.
– Отамнинг ёрқин хотираси ёдга олинаётганидан жуда мамнунмиз, – деди ёзувчининг ўғли Асқар Сафаров. - Мен асосан ҳарбий соҳада фаолият кўрсатдим. Биз – фарзандларга ота-онамиздан ҳалоллик, инсонийлик, орият, инсоф ва диёнат, оддийлик болаликдан сингдирилди. Бизлар айни фазилатлар билан улғайдик. Отам хотираси шундай ҳурмат билан ёдга олинаётганидан оиламиз номидан миннатдорлик билдираман.
Манбаларга кўра, адабиётимизда публицист, очеркнавис ва драматург сифатида танилган Назир Сафаров 1905 йил 9 январда Жиззах шаҳрида темирчи оиласида туғилди. У биринчи зиёлилар қатори узоқ қишлоқларга бориб дарс берди. Жиззахда ташкил қилинган «Санойи нафиса» тўгарагидаги иштироки бўлғуси ижодкор учун фойдали бўлди.

Назир Сафаров ўзбек драматургиясининг шаклланишида муҳим роль ўйнаган «Тарих тилга кирди» (1931), «Уйғониш» (1939), «Шарқ тонги» (1954) каби саҳна асарларини яратди. «Уйғониш»да 1916 йилги Жиззах қўзғолони, «Шарқ тонги»да Октябрь тўнтариши, «Тарих тилга кирди» (Зиё Саид билан биргаликда ёзган)да турли низолар, «Кимга тўй, кимга аза»сида ишчилар синфининг янгилик учун жангу жадали асосий мавзу қилиб олинган.
Адабиёт соҳасидаги катта хизматлари учун Назир Сафаровга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвонлари берилган.
Уруш даврида Назир Сафаров фронтнинг олдинги жабҳаларида бўлиб, жангчиларнинг қаҳрамонлигини, душманнинг ёвузлигини ҳикоя қилувчи «Ўқ ўтмас ботир», «Водиллик қаҳрамон», «Комиссар Қорабоев», «Севги», «Сўнгги нафасгача», «Ўзбек фарзандлари», «Қаҳрамоннинг туғилиши» каби қатор очерклар ёзди.

Унинг ҳаётдаги янгиликлар, яхши ташаббуслар тарғиботчиси сифатида яратган асарлари алоҳида диққатга сазовор. «Узоқни кўзлаган аёл» қиссаси шулар жумласидандир. Ёзувчининг 1954—1957 йилларда яратган замонавий мавзудаги катта асарлари «Ҳаёт мактаби», «Элмурод» каби (М.Худойқулов билан ҳамкорликда) пьесалардан иборатдир.
Назир Сафаров бир қанча ҳикоялар ҳам ёзган. «Олтиной», «Олма олмадан узоққа тушмайди», «Аҳмадали ўз бахтини қандай топди» ҳикоялари ғоявий-бадиий жиҳатдан пухталиги билан ажралади.
Унинг «Бир томчи қон» (1967), «Кўрган-кечирганларим» (1968) номли қиссалари, «Наврўз» (1973) романи 60-йиллар адабиётида сезиларли воқеа бўлган. «Кўрган-кечирганларим» асари учун муаллифга Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилган (1968).
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири