Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ҳақ сари” – рассомнинг Навоий ижодига ўзига хос нигоҳи
13:11 / 2023-02-08

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи билан ҳамкорликда Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллигига бағишланган бадиий кўргазма ташкил этилди.

“Ҳақ сари” деб номланган ушбу кўргазмада Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Ниёзали Холматов ижодига оид асарлар намойиш этилмоқда.  

Маълумки, Алишер Навоийнинг замон ва макон билмас асарларида коинот, борлиқ, авлиё ва азиз зотлар тарихи, давлатчилик, адолатли жамият, меҳр-мурувват, инсонийлик каби чексиз ва ҳадсиз мавзулар қамраб олинган. Айни пайтда илоҳиёт, шахснинг комилликка эришуви, мукаммаллик сари машаққатли йўл, инсон умрининг мазмуни улуғ бобокалонимиз асарларида устуворлик касб этади.  

Моҳир мусаввир Ниёзали Холматов Навоий асарларининг айнан шу жиҳатини ўз картиналари учун бош мавзу қилиб олган эди, десак муболаға бўлмайди.  

Бадиий академия матбуот хизмати маълумотларига кўра, Ниёзали Холматов мамлакатимизда лак миниатюра санъати тикланиши асосчиларидан бири эди. Уста ўз асарлари билан тарихий миниатюра санъати  анъаналарининг замонавий санъатда ривожланиш йўлини кўрсатди.  

Мусаввирнинг теран фалсафий ғояларга йўғрилган асарлари санъат  кошоналари, театрлар, музейлар, элчихоналарни безаб турибди.  

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида ташкил этилган ушбу кўргазмадан ўрин олган бадиий картиналарни Навоий асарларининг ўзига хос тасвирий талқини, мўйқалам устасининг даҳо шоир ижодига ёндашуви  деб аташ мумкин.  

Бу ерда Ниёзали Холматовнинг рангтасвир ва графика, заргарлик асарлари намойиш этилмоқда. Улар Навоий ижодида тасаввуф мавзусини ўзига хос тарзда очиб бергани билан аҳамиятлидир.  

   Назокат Усмонова, ЎзА