Хитойда ХIХ Осиё ўйинлари бошланиши муносабати билан иштирокчи мамлакатларнинг байроқларини кўтариш маросими ташкил этилди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосарлари Ш.Тошматов, С.Полатов етакчилигидаги юртимиз спорт жамоаси иштирок этди.
Хитой катта мусобақалар, хусусан Олимпиада ва Осиё ўйинлари сингари тўрт йилликнинг энг нуфузли турнирларига мезбонлик қилган ва табиийки, юқори савиядаги ташкилотчилик масаласида халқаро эътирофга сазовор бўлган. Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш борасида ҳам яхшигина тер тўкилгани шаҳар остонасиданоқ кўзга ташланди.
Кўчаларга мусобақа руҳиятини бериб турган турли ҳажмдаги баннерлар жойлаштирилган. Ханчжоу спорт байрами оғушида яшамоқда.
[gallery-13672]
Тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақаси бўлган "кичик олимпиада" ўйинларининг байроқ кўтариш маросимида юртимиз спортчи ёшлари қалбига катта ғалабалар руҳиятини бағишлаш тимсоли бўлган Ўзбекистон байроғи Ханчжоу узра мағрур ҳилпиради.
Истагимиз, байроғимиз ўйинлар давомида спортчиларимизнинг ғалабалари шарафига доимо мағрур сарбаланд бўлиб турсин.
Т.Рўзиев, ЎзА