Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ханчжоу-2022нинг ўрнини Ислом бирдамлик ўйинлари эгаллайдими?
10:26 / 2022-05-13

Хабар берганимиздек, жорий йил 6 май куни пойтахтимизда ўтган Осиё Олимпия кенгашининг 77-Ижроия қўмитаси йиғилишида шу йил 10-25 сентябрь кунлари Хитойда ўтиши белгиланган ёзги Осиё ўйинлари номаълум муддатга қолдирилганлиги эълон қилинганди.

Айни кунларда “кичик олимпиада”нинг қолдирилиши сабабли қитъа давлатларида мазкур масала кенг муҳокама қилинмоқда. Ханчжоу-2022 учун ишлаб чиқилган тайёргарлик дастурларига, ўқув-машғулот режаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида ҳам ушбу масалага бағишланган йиғилиш ўтказилди. Йиғилишни Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов олиб борди.

Кутилган Осиё ўйинларининг қолдирилиши спортчилар, жамоалар, мутахассислар кайфиятига таъсир этмаслиги, йил давомида мамлакатимиз спортчиларини қитъа ва жаҳон чемпионатлари, яна икки йилдан сўнг бошланадиган ёзги Олимпия ўйинларининг рейтинг турнирлари ва бу йил Туркияда ўтадиган Ислом бирдамлик ўйинлари кутиб турганлигини таъкидлаган Ш.Маҳмудов, Туркияда ўтадиган мазкур ўйинлар Париж-2024 Олимпиадасига кўрилаётган тайёргарликни кўрсатиб беришини айтди.

Муҳокамалар давомида Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов спортчиларимизнинг тайёргарлиги, жисмоний ва руҳий қувватини белгиланган меъёрларда ушлаб туриш орқали Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарликни босқичма-босқич давом эттириш асносида спорт турлари бўйича терма жамоаларнинг натижаларини таҳлил қилиб бориш муҳим аҳамият касб этишини эътироф этди.

Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Равшан Эрматов, МОҚ бош котиби О. Қосимов ва бошқалар мазкур йўналишдаги ишлардан ташқари ҳудудлардаги мураббий ва ҳакамларнинг малакасини ошириб бориш бўйича фикр-мулоҳазаларни билдиришди.

Якунда Ханчжоу-2022нинг қолдирилганлиги сабабли жорий йилги мусобақалар тақвим режасини қайта тузиш, спорт федерациялардаги мавжуд ҳолат, иқтисодий масалаларни қонун талаблари аосида шакллантириб бориш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил Туркияда ўтиши кутилаётган Ислом бирдамлик ўйинларига 2005 йили асос солинган. Ислом бирдамлик ўйинларининг сўнггиси 2017 йили Озарбайжонда ташкил этилган бўлиб, унда 57 та мамлакатнинг уч мингдан зиёд спортчилари 21 та спорт турининг 262 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боришганди.

Т.Рўзиев,

ЎзА