Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги нутқи ҳамон маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.
ЎзАнинг айни мавзу бўйича навбатдаги суҳбатдоши – “Тараққиёт стратегияси” маркази Ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳаларидаги ислоҳотларни мониторинг ва таҳлил қилиш бўлими бошлиғи Фаррух Ҳакимов.
– Бирлашган Миллатлар Ташкилотига 193 мамлакат аъзо, Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бешта, муваққат сайланадиган аъзолар ўнта. Бу ўринда сон ва сифат жиҳатидан номутаносиблик яққол кўринади. Бинобарин, бугунги кунда Марказий Осиё, Африка, Шарқий Европа ва Лотин Америкасидаги ривожланаётган давлатларнинг ҳам салоҳияти, таъсир кучи, халқаро майдондаги мавқеи кўтарилиб боряпти. Бошқача айтганда, дунёнинг барча минтақаларидан илгари сурилаётган ташаббуслар энди алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун ҳам Хавфсизлик Кенгашида турли минтақалардаги давлатлар вакиллари бўлиши муҳим.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Президентининг ташаббуси, яъни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш таклифи моҳиятан жуда ўринли. Зеро, бугун инсоният дуч калаётган аксар масалалар ҳамжиҳатлик билан, ҳар томонлама манфаатларни инобатга олган ҳолда бартараф этишни тақозо этмоқда.
Бундан ташқари давлатимиз раҳбари бу гал ҳам, анъанага мувофиқ, яна минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган таклифларни илгари сурди.
Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бугун янги Марказий Осиё ҳақида сўз кетмоқда. Айнан Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари, прагматик ва очиқ ташқи сиёсати натижасида қўшни давлатлар билан муносабат юқори даражага кўтарилди. Давлатимиз Қозоғистон ва Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатини ўрнатган. Сўнгги саккиз йилда Қирғизистон ва Туркманистон билан стратегик ҳамкорликка эришилди. Яъни, “Қўшнилар билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги”га эришиш бизнинг энг муҳим мақсадимиз. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз етакчиси томонидан Марказий Осиё транзит имкониятидан самарали фойдаланиш масаласи илгари сурилди.
Афғонистон масаласида ҳам Ўзбекистоннинг ёндашуви ўзгарди. Тошкентнинг бу масаладаги жорий сиёсатида муҳим хусусият шуки, Ўзбекистон Афғонистонга Марказий Осиёнинг узвий, ажралмас қисми, таҳдид эмас, балки имконият манбаи сифатида қарайди. Умуман, Шавкат Мирзиёев халқаро минбарлар, жумладан БМТ Бош Ассамблеяси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти каби муҳим тузилмалар доирасида ҳар доим Афғонистонга алоҳида эътибор қаратади. Нью-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги нутқида ҳам афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатини бирлаштириш зарурлигини қайд этди.
Билдирилаётган муҳим ташаббуслардан бири – Ўзбекистон ва Марказий Осиё транспорт-транзит салоҳиятидан унумли фойдаланиш, минтақанинг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятини ошириш. Бу борада икки йирик инфратузилмавий лойиҳа – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ва Ўзбекистон илгари сураётган Трансафғон темир йўл коридори беқиёс аҳамиятга эга. Бу муқобил йўлаклар ёрдамида транзит коридорлари барпо этилиши минтақа ва давлатлар аҳолиси фаровонлигини оширишга қаратилган.
Табиийки, давлатимиз раҳбарининг Нью-Йоркка сафари давомида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашув ташрифнинг марказий воқеаси бўлди.
Айтиш жоиз, тадбирларнинг ишбилармонлик дастури жуда сермазмун эди. Ваҳоланки, маҳаллий ишбилармонлар иштирокидаги давра суҳбати, қатор етакчи трансмиллий компания ва корпорациялар, инвестиция жамғармалари ва молиявий институтлар раҳбарлари билан ўтказилган музокаралар жаҳон ҳамжамияти эътиборидан тушмаяпти.
Шунингдек, анъанага кўра, АҚШда ишлаётган ва яшаётган бир гуруҳ ватандошларимиз ҳамда Американинг етакчи университетларида таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан учрашувдан кутилаётган амалий натижалар ҳам истиқболда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилиши тайин.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EQgKgcm5O5c" title="Hamjihatlik va o‘zaro manfaatlar inobatga olingan tashabbuslar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаррама Пирматова,
Аброр Содиқов (тасвир), Анвархўжа Аҳмедов (монтаж), ЎзА