Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамжиҳатлик бор жойда барака бўлади
12:46 / 2023-06-08

Андижон вилояти туманларида “чилги ҳосил” пиллани йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирган. Жумладан, Шаҳрихон тумани пиллакорлари томонидан ҳам етиштирилган “кумуш тола” ҳосили омборларга топширилмоқда.

Шаҳрихон туманида жорий йилда 6 минг 200 қути ипак қурти парваришланиб, 360 тонна пилла хом ашёси етиштириш режалаштирилган. Шу кунларда етиштирилган пилла ҳосили йиғиб олинмоқда.

– Мавсум бошида тумандаги уруғчилик лабораториялари томонидан 6 минг 200 қути сифатли уруғ тайёрланиб, тут плантациялари бириктириб берилган 101 нафар касаначи, 204 фермер хўжалиги ҳамда “Сапфир саноат” МЧЖ кластер корхонасига етказиб берилди, – дейди “Шаҳрихон агропилла” корхонаси раҳбари Санжарбек Исоқов. – Ипак қурти боқиш бўйича белгиланган ишлар, агротехник тадбирлар уюшқоқлик билан, сифатли амалга оширилиб, мўл ҳосил етиштирилди.  

Пиллакорнинг бир ойлик меҳнати йилга татийди. Ипак қурти парвариши ўта нозик иш. Хона ҳароратини бир хилда ушлаб туриш, қуртларга ўз вақтида озуқа бериш, буларнинг бари айтишга осон холос. Эрта тонг тутзорга бориб барг олиб келиш, ярим тун демасдан қуртларга барг солиш ўзига яраша меҳнат, машаққатни талаб этади. Шаҳрихон туманида ҳам ана шу ишларни узоқ йиллардан буён самарали бажариб, уста пиллакор, деб ном олган миришкорлар кўп.  

Тумандаги Навбаҳор маҳалласида яшовчи Обидахон Раззоқова ана шундай миришкорлардан биридир. Маҳалла отинойиси, ҳам касаначи Обидахон Раззоқова узоқ йиллардан буён ипак қурти боқиб келади. Фарзандлари, келинларига ипак қурти парваришлашнинг нозик сирларини пухта ўргатган. Шу боис ҳам ушбу хонадан ҳар йили белгиланган режани биринчилардан, ортиғи билан бажариб, барчага намуна бўлиб келади.  

– Узоқ йиллардан буён оиламиз билан ипак қурти парваришлаб келамиз, – дейди О.Раззоқова. – Бу иш билан қанча кўп шуғуллансангиз, шунчалик тажриба ва малакангиз ошиб бораверади. Бир ой машаққатли меҳнатни талаб этадиган ипак қурти парвариши даврида бутун оиламиз ҳамжиҳат бўлиб меҳнат қиламиз. Ишга меҳр, ҳамжиҳатлик бўлган жойда қийинчиликлар билинмайди, барака бўлади.  

Айни кунда нафақат касаначилар, балки тумандаги аксарият фермер хўжаликлари ҳам белгиланган режани ортиғи билан адо этди. Жумладан, тумандаги “Долимов обод даласи”, “Шерқўрғон улкан даласи”, “Байроқ ғаллакори”, “Маъмуржон юксак орзуси”, “Гулжаҳон” сингари фермер хўжаликлари илғорлар сафида барчага намуна бўлмоқда.  

Ф. Убайдуллаев,  

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА