Нукусда “Оқила аёллар” ҳаракати фаоллари форуми бўлиб ўтди.
Тадбир “Оқила аёллар – маҳалла виждони” видеоролиги намойиши билан бошланди. Форумда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова ва бошқалар сўзга чиқиб, “Оқила аёллар” ҳаракати томонидан амалга оширилган ишлар, оилани мустаҳкамлаш ва жиноятчиликнинг олдини олишда ўзаро ҳамкорлик самаралари хусусида батафсил маълумот берилди.
[gallery-24301]
Таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган “Оқила аёллар" ҳаракати бугунги кунда ўз сафида биргина Қорақалпоғистонда 7,5 минг нафарга яқин фаол аёлни бирлаштирган. 2022 йил 8 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "“Оқила аёллар” ҳаракати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан ҳаракатнинг низоми тасдиқланган. Мақсад жамиятда янги маънавий макон яратишда хотин-қизларнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси, оила, хотин-қизлар маънавиятини юксалтиришда жамоатчиликка, энг аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган обрў-эътиборли ва катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, фаол ва ташаббускор аёлларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратишдир. Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, қўни-қўшнилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, маҳалладаги маънавий муҳитни сақлаш ишларида улар бош бўлмоқда.
Мамлакатимизда аёлларни улуғлаш, уларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, олий таълимда ўқишлари учун шароитларни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Бир қиз болани ўқитсак, бутун оилани, бутун бир жамиятни ўқитган бўламиз”.
Ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож аёллар давлатимиз, ҳукуматимиз эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Биргина “Аёллар дафтари” жорий этилиши кўплаб аёлларга имкониятлар эшигини очди. Қорақалпоғистон Республикасида бугунги кунда 1 миллион нафардан ортиқ аёл истиқомат қилади, 500 мингдан ортиқ оила мавжуд. Ҳар йили камида 50-60 мингга яқин аёлларга турли даражада кўмаклар кўрсатилади.
Яхши ишлар билан бирга, албатта, қайд этиш жоиз, муаммоли масалалар ҳам бор. Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда фуқаролик судларда 900 га яқин оила ажримга ариза берган. ФҲДЁ органларида эса 138 оиланинг тақдири турибди. Маҳаллаларга ҳам 400 га яқин оила низолар туфайли мурожаат қилган. Бу оилаларда албатта вояга етмаган яна шунча фарзандлар бор. Биргаликда бир ёқадан бош чиқариб, қўлни қўлга бериб ишласак, муаммоларга албатта ечим топса бўлади.
Шунинг учун фаоллар ўзлари истиқомат қилаётган маҳаллада, кўчада ёшларга бош-қош бўлса, азал-азалдан муқаддас ҳисобланган оилавий қадриятларни ёшларга ўргатишдан чарчамаса, тўйларни ихчам ўтказиш масалаларини эсдан чиқармаса, ёш оилаларга оила сирларини ўргатиб борса, низолашаётган оилалардаги низоларни бартараф этишга ҳисса қўшса, фуқаролик позициямизни намоён қилган бўлар эди. Бу борада барча бирдек ҳаракат қилиши, маҳалладаги ташкилотлар ҳамжиҳатликда ишлаши даркор. Шундагина давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Оқила аёллар” ҳаракати “маҳалланинг виждони”га айланади.
Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, “Оқила аёллар” ҳаракатининг мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА