Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамюртларимиз Швецияда тарихий ғалабага эришди
14:46 / 2022-07-22

Ўзбекистон Махсус олимпиадаси вакиллари Швециянинг Гётеборг шаҳрида ўтказиб келинаётган анъанавий “Gothia Cup” футбол турнирида имконияти чекланганлар ўртасидаги мусобақаларнинг энг кучли 4 та жамоасидан бири бўлди.

Айтиш лозим, халқаро “Gothia Cup” турнирида дунё футбол клубларининг ёшлар, ўсмирлар ва қизлар жамоалари иштирок этади. Ушбу турнир Швециянинг Гётеборг шаҳрида 1975 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинади.  

“Gothia Cup” турнири иштирокчилар сони бўйича жаҳондаги энг йирик оммавий мусобақалардан бири ҳисобланади. Унда ҳар йили ўртача 1 минг 700 та жамоа иштирок этади.

Жорий йилги баҳсларда 59 та мамлакатдан 1 минг 603 та жамоа қатнашди ва мусобақалар давомида 4 минг 133 та ўйин ўтказилди.  

Ушбу турнирнинг яна бир муҳим жиҳати, унинг доирасида имконияти чекланганлар ўртасида алоҳида баҳслар ташкил этилиб, у махсус олимпиада ҳисобланади.  

Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, бу галги мусобақада 20 та жамоа иштирок этди. Улардан 16 таси ўғил болалар жамоаси бўлса, 4 тасини қизлар жамоалари ташкил этди.  

Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси даставвал саралаш ўйинларида қатнашди. Унда ҳар бир жамоа 15 дақиқадан тўп сурди. Саралаш баҳслари натижаларига кўра, Ўзбекистон энг кучли 4 та жамоа сафидан жой олди.

Ўзбекистонлик футболчилар ўз гуруҳида дастлаб Швейцарияни 4:1, сўнгра мезбон Швецияни 7:0 ва Бельгияни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. 
Ўзбекистон ўз гуруҳида 1-ўринни эгаллаб, финалда яна швейцариялик рақибларига қарши тўп сурди. Жамоамиз 1-бўлимни 1:0 ҳисобда якунлади. Ҳал қилувчи 2-бўлим вакилларимиз учун омадли келди. Улар рақиб дарвозасига жавобсиз 4 та тўп киритиб, 5:0 натижасини қайд этди.

Бу, Ўзбекистон жамоасининг тарихда биринчи марта ушбу мусобақадан юртимизга олтин медаль билан қайтишини таъминламоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Ўзбекистон Махсус олимпиадаси вакиллари ушбу нуфузли турнирда 4 марта  яъни, 2013, 2017, 2018 йилларда кумуш, 2019 йилда бронза медалини қўлга киритган.

Ҳамюртларимиз бешинчи уринишга келиб тарихий ғалаба билан Ўзбекистонга қайтадиган бўлди.

Т.Рўзиев, ЎзА