Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Хамса” билимдонлари аниқланди
11:20 / 2023-06-02

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими, “Алишер Навоий нодир меросини тарғибот маркази” жамоат бирлашмаси, Хатирчи тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида “Навоий “Хамса” си билимдонлари” кўрик танлови ўтказилди.

Унда тумандаги 18 маҳалла жамоаси ўзаро куч синашди. Танлов икки босқичда ўтказилиб, жамоаларга Алишер Навоийнинг “Хамса” асаридаги бешта достондан саволлар берилди.  

Тадбир аввалида сўзга чиққанлар Алишер Навоий бебаҳо адабий меросининг халқимиз ва жаҳон адабиёти тарихи ҳамда миллий маданиятимиз ривожидаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.  

– Сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев. – Унинг асарлари қайта-қайта нашр этилмоқда, ижоди ва фаолиятига оид турли давра суҳбатлари, маънавий-маърифий кечалар, конференциялар ўтказилмоқда. Бугунги тадбир ҳам аҳолининг, жумладан, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашда муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир.  

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни “Хонақа”, 2-ўринни “Тамабаҳрин” ва 3-ўринни “Боғчакалон” маҳалласи жамоаси эгаллади.  

Ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.  

 

А.Бўриев,

ЎзА