АҚШ Бразилия импортига нисбатан 50 фоиз бож эълон қилди, деб хабар берган “Евроньюс”. Табиийки, бу хабар Бразилия ҳукуматини сергак торттирди.
Президент Лула да Силва ҳолатга тезкор муносабат билдираркан, мамлакати айни қарорга иқтисодий қонунчиликда белгиланган меъёрга таяниб жавоб беришини айтди. Яъни, “фоиз ставкасини бир томонлама ошириш” мантиқан нотўғри. Шунингдек, кутилмаган қарорларидан норози Бразилия етакчиси “Трампнинг хаёли жойида эмас” деган маънода, унга “интернетда камроқ ўтириш”ни тавсия қилган. Трамп эса бундай қадам қўйилишига собиқ Президент Жаир Болсонару таъқиб қилинаётганини сабаб сифатида кўрсатган. Аниқроғи, “Бразилиядан кириб келаётган маҳсулотларга 50 фоиз солиқ солиниши дўстим Болсонару таъқиб этилиши билан боғлиқ” дея очиқ фикр билдирган.
Жаир Болсонару 2022 йил сайловда ютқазди. Ҳозирги ҳукумат уни мағлубиятга учрагандан сўнг ҳокимиятда қолиш учун давлат тўнтариши уюштиришга уринишда айбламоқда. Болсонару ва Трамп жуда яқин муносабатда. Иккаласи ҳам лавозимда пайти Дональд Жаирни Флорида штатидаги қароргоҳига бир неча марта меҳмонга чақирган. Хуллас, Америка раҳбари дўстига қилинаётган таъқиб учун тариф оширилаётганини очиқ тан олди.
Трамп Жанубий Америка давлатининг собиқ президентга қарши ҳаракатини “халқаро миқёсдаги шармандалик” деб атади ва жараённи зудлик билан тўхтатишга чақирди. Етакчи бу ҳақда амалдаги ҳамкасбига нома йўллагани ҳам маълум. Ўз навбатида Бразилия Президенти халқ манфаатига зид ҳар қандай ҳолатга қарши эканини билдирган. Жаир Болсонару мамлакати Олий суд олдида, сайловдаги мағлубиятга қарамай, ҳокимиятда қолиш учун фитна уюштиргани эҳтимоли ҳақида гувоҳлик берди.
Таҳлилчилар фикрича, суд сентябрь ойида иш бўйича узил-кесил қарор чиқариши мумкин. Гумонланувчига 2030 йилгача президентликка номзодини қўйиш тақиқланган.
У АҚШнинг тариф масаласига доир эълонига изоҳ бермаган бўлса-да, ўзини сиёсий таъқибга учраган, деб ҳисобламоқда.
Трамп эса Болсонаруни таъқибдан қутқариш учун бутун бошли Бразилия иқтисодиётини қийин аҳволга солишга уриняпти. Бу қанчалик тўғри қарор экан?
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xo3MfT-_n60" title="Hammasiga Bolsonaru sababchi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА