Ҳар бир миллатнинг қон-қонига сингиб кетган ўз қадриятлари, урф-одатлари, анъаналари-ю миллий руҳни ўзида мужассам этган она тили бор.
Гўдак дунёга келар экан, илк бор исмини эшитади ва унинг камоли, келажаги учун куйланган она алласини тинглайди. У мурғак қалби ила аллага ҳамоҳанг улғая бошлайди. Илк бор гўдакнинг чучук тилларида янграган “она”, “ота” сўзлари бутун борлиққа нур бағишлагандек бўлади.
У энди шу тил билан улғайиб боради. Жажжи қўлчаларидан тутиб, эртаклар сўзлаб бераётган бобожон-у моможонларимиз ҳам аслида тилимиз ривожи, унинг асрлар оша умри боқийлигини сақлаб қолишга ҳисса қўшишади. Фарзандимиз шу тилда сўзлайди, шу ёзувда ёзади ва шу тилга йўғрилган орзу-умидлари билан камол топади.
Бироқ ҳаммаси ҳам эмас... Тилимиз ривожига тўсиқлар аслида биз майда-чуйда, дея қараётган кичик муаммолардан пайдо бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат. “Кўз қорачиғи”миз сал улғайгандан боғча томон югурамиз. Рус тилида бийрон сўзлаши учун уни шу тилдаги боғчага берамиз. Имкон қадар ўзимиз ҳам у билан шу тилда сўзлашамиз. Кейин унинг ёнига инглиз, немис, француз каби турли тилларни киритамиз. Тўғри, унинг дунёқараши бойиб боради. Дунё ёшларининг нигоҳи билан атрофни кузата бошлайди. Биз унинг янада мукаммал билимга эга бўлиши учун энди шу тиллардаги мактабларга жойлаймиз. Унинг турли тиллар билан турли йўсиндаги маънавият-у маданиятларга тақлиди кучайиб боради. Турли тилларда ҳеч бир хатосиз сўзлай олади-ю, бироқ ўзбек тилини деярли билмайди. Ҳалиям тилимиздаги турли хил қочиримлар, ўхшатишлар, сўз ўйинлари ҳақида айтмаяпман. Шунчаки оддий сўзлар маъносини билмагани ачинарли ҳол. Бу жиҳатлар айрим дунё таниган-у, лекин ўзлигини танимаганлар кишиларга хос.
Бугун дунё минбарларида муҳтарам Президентимиз она тилимизнинг мавқеини кўтариш мақсадида ўзбек тилида сўзлаётгани қалбимизга фахр туйғусини солади. Бироқ бу фидойиликни биз ҳам қўллаб-қувватлашимиз, жамиятнинг бир бўлаги сифатида англашимиз лозим. Майли, фарзандларимизга хориж тилларини ўргатайлик, бироқ, аввало, уларга ўзлигимизни танишни, англашни, ўз она тилимизни билишни ҳам уқтириб боришимиз лозим.
Кўпчилик юқори лавозим эгаларининг ҳам она тилимизни билмаслиги, турли тадбирларда ўзбек тилида қийналиб, аксинча бошқа тилларда равон сўзлаши бироз таъбимизни хира қилади.
Тилимиз ҳақида, унинг маълум бир муаммолари, янада ривожланиши тўғрисида турли хил ҳужжатлар қабул қилинди. Не-не олимлар-у зиёли қатлам вакиллари тилимизнинг юксалиши учун ўз фикр-мулоҳазалари, илмий изланишлари, тадқиқотларини ОАВлардаги чиқишлари орқали халқимизга етказиб келмоқда. Бироқ катта муаммо аслида ўзимизда, ҳар биримизда эканлигини англаш пайти келди, менимча. Ҳар икки гапимизнинг орасида тўртда чет тиллардан кириб келган сўзлар. Гўёки, шу сўзларни қўшиб гапирсак, ўзимизни юқори даражада ҳис қилгандекмиз. Барчасини ўйлаш, таҳлил қилиш, тилимизни асраб-авайлаш ҳақида гапиришдан аввал ўзимиз амал қилишимиз, ўзимиз тил хусусиятлари бузилишининг олдини олишимиз шарт ва лозимдир.
Зеро, ўзликни намоён қилиш ўзликни англашдан бошланади.
Гулсанам Норова,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
ЎзА