Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамма шевада гапираверса, тилнинг парчаланиши давом этаверади (+видео)
19:09 / 2022-10-19

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг @Uza_uz телеграм канали орқали “Ўзбек тили чин маънода давлат тили бўла олдими?” мавзусида ўтган овозли чатда Адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова, Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси Гўзал Қодировалар иштирок этди.

Мутахассислар кузатувчилар томонидан берилган саволларга жавоб берди.

– Пешлавҳалардаги рекламаларнинг аксарияти чет эл манбаларига асосланаётгани, тилимизда рус тилига оид сўзлар камаймаётгани сабаби нимада ва ечими қандай?

– Ҳамма тиллар бир-биридан ўзига хос таъсирланади. Ўзининг қонун-қоидалари билан бошқа тиллардан сўз қабул қилади. Бизда бошқа тиллардан сўз қабул қилиш қонун-қоидалари ҳалигача йўқ.

Биз ўзбек тилининг жамиятни бирлаштирувчи кучидан етарлича фойдалана олмаяпмиз. Миллий ўзликнинг энг катта англатувчи таркибий қисми – бу тил. Мана шу бирлаштирувчи белгини шунчаки восита эмас, ахборот олувчи катта бир манбага айлантирмадик. Асосий ахборотни, илм-фан янгиликларини, умуман кундалик ҳаётимиздаги янгиликларни ҳам чет манбалардан оламиз. Интернетга қидирув берсак, маълумотларнинг кўпи инглиз, рус тилларида бўлади. Янги илмий асарларнинг ҳаммасини бошқа тилда ўқиймиз, янги фильмларни бошқа тилда кўрамиз. Албатта, бундан тафаккуримиз таъсирланади.

Ахборот, илмий майдондаги маълумотлар камлиги учун бизга бошқа тиллар манба бўляпти. Шу сабабли бошқа тилларга таъсирчанлигимиз ва мойиллигимиз кучли.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tdioWWQ8i8Y" title="Ҳамма шевада гапираверса тилнинг парчаланиши давом этаверади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

Хориж давлатларида ҳар йили тилга кириб келаётган сўзларнинг рўйхати чиқади. Мана шу сўзлар бу йил тилимизга кириб келди, уларни шу шаклда ишлатамиз, деган фикрни ваколатли органлар беради. Атамалар қўмитаси ёки департамент ҳар йилги рўйхатни ёзиб чиқади. Бизда эса бундай нарсалар чиқмайди.

Биз шу пайтгача дунёни маълум бир тил орқали билганмиз. Ўша тил орқали сўзни қабул қилганмиз. Лекин бугун дунёда глобаллашув жараёни кечмоқда. Турли мамлакатлар билан тўғридан-тўғри алоқа қиляпмиз. Ўша ердаги жой, шахс номлари, атамаларни ўзбек тилига мослаштириш бўйича илмий асослар ишлаб чиқилиши ва амалиётга жорий қилиниши керак, – деди Шаҳноза Соатова.

– Телевидение ёки бошқа ОАВда ишлайдиган баъзи журналистлар ўзбек адабий тилида гапиришга қийналади, шевада гапиради. Журналистларнинг адабий тилда гапиришини йўлга қўйиш борасида қандай ишлар қилиниши керак, деб ҳисоблайсиз?

– Ҳар қандай муаммони ташлаб қўйсангиз, муаммолигича қолиб кетади. Қачонки уни устида ишлашни бошласангиз, вазият ўзгаради. Мен ўзимнинг таклифларимни киритган бўлардим.

Ўзбек тили бошқа тилларга нисбатан шевалари кўп тил. Шевалар асосан оғзаки нутқда кўринади. Кундалик ҳаётда ҳамма ўзига яқин, қулай бўлган тилда гапиришга ҳаққи бор. Аммо ҳамма ўзининг шевасида гапирса, тилимизда парчаланиш давом этаверади. Минбарларда ОАВ ходимлари учун адабий тил ягона меъёр бўлиши керак. Адабий тилда гапиришга эришиш учун ҳуқуқий меъёрлар билан курашиш, ваколатли органларга тақдимномалар киритиб, адабий тилда гапириш қоидаларини эслатиб қўйишлари зарур. Фақат тақиқ билан бунга эришиб бўлмайди.

Телевидениеда рағбат йўлидан бориш, номинациялар жорий қилиш ҳам яхши натижа беради. Адабий тилда чиройли гапирадиган, кўрсатув олиб борадиган бошловчиларни мукофотлаб, рағбатлантириб туриш керак. Шунда адабий тилда гапирадиган журналистлар, блогерлар кўпаяди, – деди Ш.Соатова.

Нигора Раҳмонова, Ёқуб Мелибоев (видео) ЎзА