Президент раислигида экин ерлари ва томорқадан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат етиштириш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш, шу билан бирга ғалла етиштириш ва харид қилишни молиялаштириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
– Бундан буён йиғилиш ва қарорларни камайтириб, ижро ва аҳоли муаммолари бўйича ишлайдиган тизим бўлади. Самарқанд вилоятидаги ўрганишлар кўп камчиликларимизни кўрсатди. Бир ойдан кейин ҳар бир вилоят ҳокими қилган ишлари ҳақида алоҳида ҳисобот беради. Олдимизда ҳали энг қийин ва оғир ислоҳотлар турибди. Ҳамма ўзгариши керак, иш услубларини ҳам ўзгартириши керак, – деди Президент.
Вазирлар Маҳкамасида, вазирлар ва ҳокимлар ҳам ўз тизимида ўн кун муддатда структураси ва иш услубларини ўзгартириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Адлия вазирлигига аҳоли ва тадбиркорларни янгиликлардан хабардор қилиш ва уларга қулайликлар яратиш ҳамда қонунчиликни ихчамлаштириш бўйича янги тизимни ишлаб чиқиш топширилди.
Ҳисоб палатаси, Молия вазирлигига берилаётган маблағлар мақсадли ишлатилиши, айниқса, қурилишни молиялаштириш, субсидия ва компенсация ажратиш жараёнларини рақамлаштириш бўйича янги тизимни ишлаб чиқиш топширилди.
–Умуман, ҳамма маҳалла, туманга тушиб, муаммоларни ичига кириб, аниқ натижага ишлаши шарт, – деди давлатимиз раҳбари.
ЎзА