АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон ҳукумати, тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда яна бир янги лойиҳани ишга туширди.
Беш йиллик муддатни қамраб олган “Ҳамма болалар омадли” лойиҳаси Тошкентда расман йўлгақўйилди.
Пойтахтимизда шу муносабат билан ташкил этилган давра суҳбатида вазирлик, идоралар мутасаддилари, БМТ тузилмалари вакиллари, ногиронлиги бўлган шахслар ва халқаро таълим соҳаси экспертлари иштирок этди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда имконияти чекланган болаларга қулайлик яратиш, улар учун мактаб ва боғча таълими дастурини қайта кўриб чиқиш, ўқув-тарбия муассасаларини инклюзив таълимга мослаштириш дастурини амалга ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳукумат томонидан ногирон болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш юзасидан қатъий чоралар кўрилмоқда. Навбатдаги ташаббуси ҳам айни шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли.
Мазкур лойиҳа орқали инклюзив таълим билан боғлиқ қуйидаги муҳим йўналишлар қўллаб-қувватланиши таклиф этилган: инклюзив таълим учун қулай ўқув-методик материал, ўқитувчи учун амалиёт ва мактаб муҳити яратиш, асосий манфаатдор томонлар – ўқитувчи ва ногиронлиги бўлган шахслар билан бирга ишлаб чиқилган барқарор сиёсатни ривожлантириш.
[gallery-16072]
Тадбир иштирокчилари диёримиздаги ҳар бир бола муайян истеъдод, қобилиятга эгалигини бир овоздан эътироф этишди. Маълумки, ўғил-қизларимиз ўз иқтидорини намоён этиши, уларнинг муваффақияти таъминланиши учун ҳамкорлик, фидойилик жуда муҳим. Бундай лойиҳалар эса айнан жисмоний имконияти чекланган болалар ақлий имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Дэвид Хофман ҳар бир болага хос салоҳиятни рўёбга чиқариш учун таълим олиш имконини яратиш юзасидан жамоавий масъулиятни ҳис қилиш зарурлигига тўхталди. USAID беш йил давомида “Ҳамма болалар омадли” ташаббуси доирасида 25 миллион доллар ажратишни режалаштирмоқда.
Лойиҳа “Creative Associates International”, “American Councils for International Education”, “Syracuse University”, “Praxis Plus” ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамкорлигида амалга оширилади.
Тадбир якунида мутасадди вазирлик, идоралар билан бирга сифатли инклюзив таълимни ташкил этиш, Ўзбекистондаги барча болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорликда иш олиб боришни назарда тутувчи келишув имзоланди.
Ушбу умумий мажбурият таълим тизими янада инклюзивлашишига замин яратади, ўқувчилар, жумладан ногирон ўғил-қизларда таянч кўникмасини ривожлантиришга кўмаклашади.
Гўзал Сатторова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА