English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамма бир қарашдаёқ қаршисида устоз турганлигини ҳис этиши лозим
15:01 / 2022-08-01

Ижтимоий тармоқларда ўқитувчи ҳамда ўқувчилар формаси борасида турли фикрлар ва баҳсли мулоҳазалар тарқалди ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Тошкент шаҳар ХТББ Матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 майдаги «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда жорий йилнинг 27 июль куни Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган брифингда эълон қилинган маълумотларни Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилаётган лойиҳага алоқаси йўқ.

Маълумки, жорий йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «2022-2026 йилларда Халқ таълимини ривожлантириш бўйича Миллий дастур» қабул қилинди.

Дастур доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан «Тошкент тажрибаси»ни яратиш, ўқитувчилар мавқеини ошириш, ўқувчи ёшларда устозларга бўлган ҳурмат руҳини янада кўтариш мақсадида пойтахт умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган педагог-ўқитувчиларини янги ўқув йилидан ягона форма билан таъминлаш кўзда тутилган. Бундан мақсад аввало ўқитувчиларнинг кийиниш маданияти ва тартиб-интизомга амал қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, таълим муассасалари брендини яратишдан иборат. Шунингдек, шарафли касб эгаларига ҳурмат ва инсон қадрини улуғлаш каби тамойиллар акс этган.

Лойиҳани жорий этишдан мақсад бутун дунёда бўлгани каби прокуратура, ҳуқуқ тартибот органлари, шифокорлар, сув, ҳаво, темир йўл транспорти касб эгалари сингари ўқитувчилар ҳам ўз формасига эга бўлиши ҳамда касб нуфузини оширишдир. Шунингдек, ўқитувчиларни таълим муассасаси ҳудудида ижтимоий тенглигини таъминлаш, жамоат жойларида мавқеини ошириш, уларга бўлган ҳурмат-эътиборни шакллантириш ҳамда «педагог имижи»ни яратиш кўзда тутилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан шу йилнинг апрель, май ойларида Халқ таълими тизимида фаолият юритаётган 4 минг 700 дан ортиқ ўқитувчига тажриба тариқасида баҳор-ёз ва куз-қиш мавсумий иш либослари тайёрлаб берилди. Амалга оширилган ишлар педагог-ўқитувчилар томонидан ижобий қабул қилинди ва лойиҳани давом эттириш бўйича таклифлар киритилди.

Бу борада Тошкент шаҳар ҳокимининг 26 июлдаги 761-14-0-Q/22-сонли қарори билан Республика бюджетининг 2022 йил иккинчи чорак даромадлари режасини орттириб бажарилган қўшимча манбасининг Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ажратилган қисми ҳисобидан умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг формалари учун уч миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Жорий йилнинг 6 июлдан 16 июль кунига қадар 10 кун давомида маҳаллий бюджет маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги жамоатчилик муҳокамасида бўлган эди. Муҳокама давомида ҳеч қандай эътироз билдирилмаган. Шунингдек, 2022 йил 20 июль куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 67-сессиясида жамоатчилик вакиллари таклиф этилган ҳолда муҳокама қилиниб, маъқулланган.

Ўқитувчилар мактаб формаси дизайни бир неча намуналар орасидан танланиб, санитария қоидалари ва гигиена нормативларига мослиги бўйича тўқимачилик маҳсулотлари учун белгиланган сифат талабларига мувофиқлиги қатъий назоратга олинган.

Ҳозирда Тошкент шаҳар Халқ таълими тизимида 23 минг нафардан ортиқ ўқитувчи фаолият юритишини инобатга олсак, босқичма-босқич ажратилаётган 12,7 миллиард сўм маблағ ҳисобидан харид қилинади.

Амалга оширилаётган лойиҳа доирасида педагоглар шаҳар ҳокимлиги томонидан текин ягона форма билан таъминланиши кўзда тутилган.

ЎзА