Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Мальдив Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларидан иборат делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда оила, оналик ва болаликни ҳимоялаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларга эътибор мисли кўрилмаган даражага чиқди. Хонадонбай, маҳаллабай тарзда муаммоларни ўрганиш натижасида хотин-қизларни ўйлантираётган масалаларга эътибор янада кучайди.
Гендер тенгликни таъминлаш, аёллар, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги-янги ташаббуслар илгари сурилмоқда. Қизларнинг олий таълим олиши учун зарур барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Хорижлик юқори мартабали меҳмонларда Ўзбекистонда аёл-қизларга эҳтиром кўрсатиш борасидаги ибратли ишлар катта таассурот қолдирди.
Учрашув давомида халқаро ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида ҳам сўз юритилди. Ўзаро ҳамкорликнинг янги қирралари белгилаб олинди.
Н.Усмонова, ЎзА