Ўзбекистон “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматида ўтказилган биринчи саммитга мезбонлик қилиш билан дунё нигоҳини ўзига қаратди. Тарихий аҳамиятга эга ушбу саммитга мамлакатимизнинг раислик қилиши ва уни Самарқанд шаҳрида ўтказилиши рамзий бир маънога эга.
Бугунги кунда жаҳонда геосиёсий беқарорлик кучайиб, турли мамлакат ва миллатлар ўртасида кескинликлар тобора авж олмоқда. Табиий ресурсларни камайиб, инфляция, ишсизлик ва миграция даражасини ортиб бориши ҳамда глобал иқлим ўзгаришлари ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муаммоларни янада кучайтирмоқда.
Бундай шароитда мамлакатлар ўртасидаги анъанавий дипломатик алоқаларнинг самарадорлиги пасайиб, ҳамкорликнинг янги шаклларини амалиётга татбиқ этишни, миллатлар ва минтақалар ўртасида кўп қиррали, умум-манфаатли мулоқот дастурларини ишлаб чиқишни талаб қилмоқда. Шунга монанд, Ўзбекистон ҳам ўзининг тинчликпарвар ташқи сиёсати билан минтақавий ва глобал муносабатларда очиқлик принциплари асосида фаол иштирок этиб, умуминсоний муаммоларни ҳал қилиш, минтақа хавфсизлигини мустаҳкамлаш, яқин қўшничилик сиёсати остида иқтисодий интеграцияни кенгайтириш ва халқаро муносабатларда Марказий Осиёнинг тутган ўрнини ошириш йўлида муносиб саъй-ҳаракатларни, мақсадли дастурларни амалга оширмоқда.
Европа кенгаши ва Европа комиссияси Президентлари, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки Президенти ҳамда Европа инвестиция банки раҳбарияти иштирокида “Келажакка сармоялар” шиори остида ўтказилган саммит нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақамиз учун муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Саммитнинг асосий мақсади Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш, иқтисодий, транспорт, энергетика, экология ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди. Шунингдек, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва товар айирбошлашни кўпайтириш, инновациялар, “яшил” энергетика, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика ва рақамлаштириш соҳаларида қўшма дастур ва кооперация лойиҳаларини илгари суриш, маданият, туризм, фан, таълим ва бошқа устувор йўналишларда фаол алмашинувларни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, бугун дунё геосиёсий зиддиятлар, хавфсизлик муаммолари, йирик минтақавий можаролар ҳамда барқарор тараққиётга нисбатан ижтимоий ва иқтисодий таҳдидларга гувоҳ бўлмоқда. Шундай экан, тинчликпарвар ташқи сиёсатни амалга ошириш учун фақатгина ҳарбий-сиёсий иттифоқлар етарли эмас, балки иқтисодий, ижтимоий, экологик ва маданий ҳамкорликларни ҳам ўз ичига олган комплекс ёндашувларни юқори даражада амалга ошириш зарур.
Мухтасар қилиб айтганда, Самарқанд саммити икки минтақа ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Ушбу анжуманнинг келишувлари келажакда минтақалараро иқтисодий интеграцияларни чуқурлаштиришга, йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга, Транскаспий транспорт йўлагини кенгайтиришга, маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга, илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликларни мустаҳкамлашга кенг имкониятлар яратади.
Одилжон Маматкаримов,
Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий
алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.
ЎзА