Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Марказий Осиё давлатлари интеграцияси ва ҳамкорлигини ривожлантиришнинг ижтимоий ва сиёсий жиҳатлари” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Конференция “Халқаро муносабатлар ва ижтимоий фанлар” кафедраси томонидан ташкил қилинди.
Анжуман “Марказий Осиёда минтақий ҳамкорликнинг ривожланиш тенденциялари: илмий-назарий ёндашувлар”, “Марказий Осиёда мамлакатлар ҳамкорлигини ривожлантиришнинг ижтимоий-фалсафий, маданий-гуманитар масалалари”, “Марказий Осиё давлатларининг ривожланиш тарихи масалалари”, “Марказий Осиё давлатларининг ҳуқуқий тизими хусусиятлари” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик алоқалари” каби шўъбаларга бўлинди.
Конференция ZOOM платформаси орқали ташкил этилди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ўз нутқида сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан яқин хорижий давлатлар билан ўзаро яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатилгани, халқаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Марказий Осиёда сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч мустаҳкамлангани алоҳида аҳамият касб этади.
Тадбирда Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент шаҳридаги Инха университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этди.
Конференцияда “Қозоғистон ва Ўзбекистон илмий ҳамкорлигининг бугуни ва истиқболлари”, “Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсатидаги янги тенденциялар”, “XX аср Марказий Осиё маърифатпарварлари фаолиятининг ўзаро интеграцияга таъсири”, “Марказий Осиёда биоэтикани ривожлантириш ҳолати ва истиқболлари”, “Марказий Осиё мамлакатларида рақамли трансформация ва барқарор ривожланиш жараёнлари” каби мавзуларда маъруза қилинди.
Дарҳақиқат, юртимиз азалдан минтақанинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий тараққиётида муҳим ўрин тутиши ҳақида сўз юритишди. Минтақа мамлакатларини ўзаро узвий тарих, маданият, дин, анъана ва одатлари бирлаштириб туради. Аммо узоқ йиллар давомида қўшничилик муносабатлари пасайгани, бу эса Марказий Осиё мамлакатлари интеграцияси учун жиддий тўсиқ бўлгани таъкидланди.
Мазкур конференцияни ўтказишдан мақсад ҳам, унда кўтарилган масалалар ҳам минтақа халқларининг ҳозирги фаол муносабатларининг янада ривожланишига ҳисса қўшиш экани алоҳида қайд этилди. Қизғин муҳокамалар, савол-жавоблар тарзида ўтган анжуман иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Якунда конференция материаллари бўйича тўплам нашр этиш режалаштирилди.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири