Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов АҚШ ва Канададаги Бухоро яҳудийлари конгресси координатори Рафаел Некталовни қабул қилди.
Мулоқот давомида Бухоронинг бой тарихи, маданияти, инвестициявий ва туризм салоҳияти ҳамда кўп миллатли халқимизнинг миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик анъаналари юксак қадрланиши ҳақида сўз юритилди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда 2026 йил февраль ойида Бухоро давлат университетида АҚШ ва Кандадаги Яҳудийлар конгресси раҳбарияти, хорижий олимлар, инвесторлар, экспертлар, туризм ва маданият йўналишидаги таниқли шахслар иштирокида илмий-амалий конференция ўтказиш, Когон шаҳридаги Яҳудийлар тарихий синагогаси биносида “Яҳудийлар тарихи ва бағрикенглик” музейни ташкил қилиш, Бухоронинг инвестициявий ва туризм салоҳияти ҳақида Америкада кенг тарғибот ишларини уюштиришда ўзаро ҳамкорлик кўрсатиш борасида фикрлар билдирилди.

Шунингдек, Нью-Йорк ва Бухоро шаҳарларида Бухоро шашмақомига бағишланган маданий тадбирларни ўтказишни йўлга қўйиш, Бухорода Яҳудийлар зиёрат туризми намойиш объектларини ташкил қилиш имкониятларини ишга солиш, Бухоро шаҳри билан Американинг Жоржия штати Атланта шаҳри ва Миссури штати Цент-Луис шаҳри ўртасида биродарлик муносабатларини шакллантириш бўйича ўрганишлар ва музокаралар олиб боришга келишилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.