Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорликка даъват, муҳим таклифлар
18:34 / 2025-09-09

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқида буюк хитойлик файласуф Конфуцийнинг доно сўзларига таяниб, ҳамкорлик фалсафасининг нақадар чуқур ва долзарб эканлигини алоҳида таъкидлади. Бу фалсафа, аслида, бутун инсоният учун зарур ахлоқий мезон ҳисобланади.

Ҳозирги глобал ноаниқлик, ишонч инқирози ва можаролар авж олаётган бир пайтда ШҲТ давлатларининг ўзаро тушуниши ва бирдамлиги шунчаки бир қадрият эмас, балки минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлашнинг калитидир. Бу эса ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам манфаатлар мувозанатини таъминлаш ва хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари нутқида ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг бир қатор аниқ йўналишлари ёрқин кўрсатиб берилди. Уларнинг асосий моҳияти  ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорлик асосида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашдир. Мажлисда билдирилган иқтисодий таклифлар Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи иқтисодий сиёсатининг узвий давоми бўлиб, ШҲТ доирасидаги мамлакатлар манфаатлари билан уйғунлиги диққатга сазовордир.

Президентимиз нутқи моҳиятидан билиш мумкинки, ШҲТ доирасида Савдони соддалаштириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги битимни имзолаш муҳим вазифа. Чунки ушбу битимнинг амалга оширилиши Ўзбекистон учун қуйидаги афзалликларни беради:

– Экспорт ҳажмини ошириш: маъмурий тўсиқларнинг камайиши Ўзбекистон маҳсулотларининг ШҲТ бозорига киришини осонлаштиради. Бу экспорт салоҳиятини оширишга ва маҳсулотларни янги бозорларга йўналтиришга ёрдам беради.

– Логистика харажатларини камайтириш: савдо жараёнларининг соддалаштирилиши транспорт ва бошқа логистик харажатларни қисқартиради. Бу эса миллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширади ва ташқи савдодаги самарадорликни кучайтиради.

Мажлисда Ўзбекистон иқтисодиётини трансформация қилишда муҳим роль ўйнайдиган янги платформалар таклиф этилди:

– Стратегик материаллар бўйича минтақавий хаб: Ўзбекистон табиий ресурсларга бой давлат сифатида ушбу марказ орқали минералларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлашда илғор технологияларни жорий эта олади. Бу иқтисодиётнинг юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтишини тезлаштиради.

– ШҲТ Энергетика консорциуми: Ўзбекистон “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирилган сиёсат олиб бориш имконига эга бўлади. Бу қайта тикланувчи энергия манбаларини ўзлаштириш ва энергия самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

– Венчур компаниялари ва жамғармалари тармоғи: ушбу тармоқ Ўзбекистондаги стартап ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш учун халқаро сармояларни жалб қилишга имкон беради. Бу эса ёш тадбиркорлар ва олимлар учун янги имкониятлар яратади.

– Махсус электрон портал: бу портал орқали Ўзбекистоннинг ҳудудлари хорижий инвесторлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиши, инвестиция лойиҳаларини илгари суриши ва бизнес бўйича мулоқотларни йўлга қўйиши мумкин. Бу рақамли иқтисодиёт доирасида инвестицияларни бошқаришга кўмаклашади.

“ШҲТ ягона транспорт макони”ни шакллантириш бўйича концепцияни ишлаб чиқиш таклифи Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт хаб сифатидаги ролини мустаҳкамлайди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишининг бошлангани бу ташаббуснинг амалий ифодаси бўлиб, Ўзбекистоннинг Форс кўрфази ва Ҳинд океани портларига чиқиши учун янги, қисқа йўл очади. Бу мамлакатнинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтиради.

Мамлакат раҳбари минтақавий саноат ва инфратузилма лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаларини тезроқ жорий этиш муҳимлигини таъкидлади. Бу Ўзбекистоннинг йирик инвестиция лойиҳалари учун қўшимча молиявий манбаларга эга бўлишини таъминлайди.

Қайд этиш жоизки, мазкур таклифлар ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга қаратилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш ва аъзо давлатларнинг барқарор тараққиётини таъминлашга хизмат қилади. Мақсад эса ўзаро ишонч, ҳамкорлик ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойиллари асосида умумий хавфсизлик ва фаровонликка эришишдир.

Манзурахон Салимова,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,  

Ўзбекистон "Адолат" СДП фракцияси аъзоси.

ЎзА