Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан “Хонойим пари” китоби чоп этилди.
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Республика маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти бўлими билан ҳамкорликда филология фанлари доктори, профессор Жаббор Эшонқулов ҳамда Наргиза Раҳматуллаевалар томонидан тайёрланган.
Китоб давлатимиз раҳбарининг “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифлардан келиб чиқиб нашр этилди.
Унда Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёновдан ёзиб олинган “Хонойим пари”, “Торкистон”, “Санам гавҳар”, “Келиной” ва “Олланазар Олчинбек” каби достонлар ўзига хос ижро усули, бадиияти билан тамомила ажралиб туради. Булар “Гўрўғли” туркумлигига кирувчи муҳаббат ҳақидаги достонлардир. “Келиной” ва “Олланазар Олчинбек”да эса эпик ижодкорлик, яъни бахшичилик санъати улуғланган.
Бу каби достонлар нафақат халқининг шонли ўтмишини ҳикоя қилувчи адабий ёдгорлик, балки комил инсон тарбияси, жамиятда ўзлигини сақлаб қолишнинг муҳим омили, эртанги кунги маънавий-маданий тараққиётнинг пойдевори, миллат ва элатлар ўртасида дўстликни улуғловчи, инсонийликни тараннум этувчи бадиий сўз намунаси эканлиги билан муҳим аҳамиятга эга.
Д.Маматова, ЎзА