Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорликда янги ишлаб чиқариш корхонаси очилади
18:20 / 2025-12-18

Сирдарё вилоятида инвеститсия муҳитини мустаҳкамлаш, замонавий саноат қувватларини яратиш ва маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган муҳим қадам сифатида Гулистон туманида Хитой Халқ Республикаси ишбилармон доира вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Учрашувлар Сирдарё вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифи давомида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлди. Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий ва инвеститсиявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, айниқса, саноат, паррандачилик ва чорвачилик соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев хитойлик тадбиркорлар билан учрашиб, ҳудудда инвеститсия лойиҳаларини амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитлар, ер ажратиш, инфратузилма билан таъминлаш ҳамда давлат томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Хусусан, Хитой Халқ Республикасининг “Баие Мачине” компанияси билан паррандачилик ва чорвачилик соҳалари учун замонавий, юқори технологияли ускуналар ишлаб чиқариш ва уларни маҳаллийлаштиришга қаратилган лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Ушбу лойиҳалар янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, илғор технологияларни жорий этиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятини кенгайтиради.

Шунингдек, учрашувда Гулистон туманининг “Чортоқ” маҳалласида жойлашган, илгари “Маилфу Гроуп” компанияси томонидан амалга оширилган, бироқ маълум сабабларга кўра тўхтаб қолган товуқ тухуми ишлаб чиқариш корхонасини қайта ишга тушириш масаласида  ҳам келишувга эришилди.

Учрашув якунида томонлар келишилган лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш, аниқ вазифа ва муддатларни ўз ичига олган амалий “йўл харитаси” ишлаб чиқиш ҳамда инвеститсиявий ҳамкорликни изчил давом эттириш бўйича ўзаро келишиб олдилар.

Мазкур ҳамкорлик фақат иқтисодий жиҳатдан эмас, балки ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, янги иш ўринлари, барқарор озиқ-овқат таъминоти ва замонавий ишлаб чиқариш технологияларини ҳудудга олиб кириш имконини беради.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири