Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорликда яна бир ишончли қадам
15:59 / 2025-05-20

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам ташлади.

Жорий йилнинг май ойида Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган расмий ташриф доирасида филиал директори А.Есимбетов бошчилигидаги делегация Тарим университетига ташриф буюриб, икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида қатор келишувларга эришди.

Шинжон Уйғур автоном тумани ҳудудида жойлашган мазкур университет  Хитойнинг етакчи олий таълим масканларидан бири саналади. Учрашув давомида ўқув, илмий ва инновацион соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниб, Ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳужжат қуйидаги йўналишларда кенг қамровли ҳамкорликни назарда тутади: бакалавр ва магистратура босқичидаги талабалар алмашинуви, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар ўртасида тажриба алмашинуви, қўшма илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ва халқаро семинарлар ташкил этиш, икки дипломли таълим дастурлари ва қўшма конференцияларни ишлаб чиқиш.  

Шунингдек, таълим ва методика соҳасида ахборот алмашинуви, илмий мақолаларни нуфузли халқаро журналларда биргаликда чоп этиш назарда тутилган.

Меморандум доирасида барча ташаббуслар икки томонлама келишувлар асосида, академик манфаатлар ва молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Бу эса ҳамкорликни самарали ва узоқ муддатли қилиш имконини беради.

Ташриф доирасида Нукус филиали делегацияси Тарим университети таркибидаги Ҳайвонот фанлари ва технологиялари коллежи ҳамда табиий фанлар ва технологиялар факультети фаолияти, замонавий лабораториялар билан танишди. Илмий муҳит ва техник шароитлар Нукус филиали йўналишлари билан уйғун келгани сабабли қўшма илмий-амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Тарим университети профессор-ўқитувчилари билан аниқ лойиҳалар юзасидан ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Шунингдек, Тарим университети Нукус филиалининг икки нафар талабасини магистратура босқичида таҳсил олиш учун қабул қилишга тайёр эканини маълум қилди. Улар учун бепул ётоқхона ажратилиши ва стипендия тўланиши белгиланди.

Имзоланган мазкур англашув меморандуми Нукус филиали учун халқаро илмий интеграция йўлида янги босқични бошлаб берди. Бу нафақат мазкур университет, балки республика олий таълим тизими учун ҳам халқаро тажриба алмашиш ва инновацияларни жорий этишда янги имкониятларни очади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири