Жиззахда вилоят ҳокимлиги ва Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди вакиллари иштирокида оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди.
Жиззах вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Н.Расулов ҳамда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Г.Нормуродовалар томонидан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Тадбирда маҳаллаларда оилавий ажримларнинг олдини олиш, судда низолашаётган тарафларни муросага келтириш юзасидан ҳар ойда туман ва шаҳарларда ўтказилаётган яраштирув тадбирлари графиги ҳам тасдиқлаб олинди.

–Никоҳдан ажрашиш ва эрта никоҳ қуришнинг олдини олиш, оилалардаги нотинчлик, оила аъзоларининг моддий таъминоти ёки биргаликдаги умумий мол-мулкига оид низоларни кўриб чиқиш ва ҳал этишда ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик институтларининг роли муҳимлигини таъкидлаб ўтган бўлардим, – дейди Жиззах вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Н.Расулов. – Шунингдек, оилавий муносабатлар барқарорлиги борасида профилактик тадбирларни амалга ошириш, никоҳдан ажратишга оид ишларни кўриб чиқишда фуқаролар йиғинининг оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси масъулиятини мустаҳкамлаш, судларда кўрилган низоли оилалар ҳақида “Хавфсиз оила” тамойили асосида маҳалла ва бошқа ваколатли органларга ўз вақтида хабар бериб бориш лозимдир.

Тадбирда сўзга чиққан судлов ҳайъати раиси Н.Расулов, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Г.Нормуродова ва бошқалар келгусида ўзаро ҳамкорликни ушбу меморандумдан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш, жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Л.ХАЛИТОВА,
Жиззах вилоят суди фуқаролик
ишлари бўйича судьяси.
ЎзА