Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорликда амалий машғулотлар ва илмий семинар ўтказилди
18:51 / 2025-11-19

Нукусда “Aral Vet Mission” лойиҳаси доирасида Vetteria компанияси ташаббуси доирасида бошланган амалий ҳамкорлик ветеринария соҳасида замонавий билим, халқаро тажриба ва илмий ёндашувларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида дастур доирасида амалий машғулотлар ва илмий семинар ўтказилди. Мазкур тадбирлар “Ҳаёт” нодавлат нотижорат ташкилоти, “Мушуккент” ижтимоий лойиҳаси, шунингдек “Vitteria” ва “Appicena” компаниялари мутахассисларининг филиал директори, профессор А.Есимбетов билан учрашуви билан бошланди.

Суҳбат давомида келгуси семинарлар, стерилизация бўйича жарроҳлик амалиётлари, илмий маърузалар ва ўқув-услубий алмашинув масалалари муҳокама этилди. Таъкидланишича, бу ҳамкорлик маҳаллий ёш мутахассислар учун муҳим амалий мактаб бўлиб, соҳада янги илмий ёндашувларни шакллантиришга замин яратади.  

Учрашувдан сўнг,  меҳмонлар филиалнинг замонавий лабораторияси билан танишиб, шу ернинг ўзида дастлабки амалий машғулотларни бошлади. Машғулотлар давомида мушук ва итларни стерилизация қилиш жараёнининг асосий босқичлари — амалиёт хонасини тайёрлаш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, жарроҳлик материалларини баҳолаш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича амалий кўрсатмалар берилди.

Семинарда филиал профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ва амалиётчи ветеринар мутахассислар иштирок этиб, замонавий жарроҳлик усуллари бўйича назарий ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлашди. Амалиётлар филиалнинг лаборатория бўлимида амалга оширилди. Тажрибали ветеринар жарроҳлар томонидан ўтказилган амалиётлар юқори даражада ташкил этилди. Улар ҳар бир жарроҳлик босқичининг илмий асослари ва амалий аҳамиятини изчил тушунтириб борди.

– Бу ерда талабаларнинг касбий билимга бўлган қизиқиши жуда юқори. Биз кўрсатаётган усуллар жарроҳлик маданиятини ошириб, бутун ҳудуд ветеринария тизимининг замон талабларига мос ривожланишига хизмат қилади, – дейди россиялик ветеринар мутахассис Алена Петроченко.

Семинар Қорақалпоғистон ветеринария тизими учун муҳим амалий майдон бўлиб, ёш мутахассислар малакасини ошириш, янги технологияларни жорий этиш ва соҳада илмий ёндашувни кучайтиришда катта аҳамият касб этмоқда. Мутахассислар фикрича, ушбу ташаббус ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва ветеринария хизматлари сифатини оширишда муҳим қадамдир.  

“Aral Vet Mission” дастури 21 ноябрга қадар давом этади. Унинг доирасида илмий-техникавий маърузалар, жарроҳлик амалиётлари, янги услублар бўйича тренинглар ва малака оширишга қаратилган бир қатор тадбирлар ўтказилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири