Ўзбекистон – Хитой муносабатлари нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки маданий - маърифий йўналишларда ҳам кенгайиб бормоқда. Бу ҳақда Урумчи шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон журналистлари уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ва Хитойнинг CNS ахборот агентлиги Шинжон бўлинмаси вакилларининг навбатдаги ишчи учрашувида алоҳида таъкидланди.
– Бизнинг ахборотлар Ўзбекистон, жумладан, Фарғона вилояти ОАВларида ва аксинча сизлар юбораётган юртингиздаги ислоҳотлар, икки давлат муносабатларидаги уйғунлик ва Хитой сармояси иштирокида фаолият юритаётган корхоналар ҳақидаги мақола ва видеорепортажлар CNSнинг интернет тармоқларида тарқатилаётгани халқимизнинг бир-бирини янада яқинроқ билишга хизмат қилмоқда, – дейди CNS ахборот агентлигининг Шинжон бюроси раҳбари Ли Дэхуа. – Биз бу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш тарафдоримиз. Шу мақсадда келгуси йил Оқ-Сув шаҳрида бўладиган медиафорумда фарғоналик журналистларни кўришдан мамнун бўлар эдик.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими вакиллари хитойлик ҳамкасбларини 2026 йил Наврўз байрами муносабати билан бўладиган тантаналарга ва “Янги Ўзбекистон журналистикасининг халқаро анъаналарга уйғунлашуви” мавзуида Фарғонада ўтадиган III халқаро конференцияга таклиф этди.
Учрашувда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ва CNS ахборот агентлиги ўртасидаги ижодий ҳамкорлик тўғрисида “йўл харитаси” тасдиқланди.


Муҳаммаджон Обидов, ЎзА