Қорақалпоғистон Республикасининг суди ва маъмурий суди ҳамда Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамкорлигида суд ҳужжатларининг ижросини таъминлашга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққанлар мазкур тадбирнинг аҳамиятига тўхталиб, суд ҳужжатлари ижросини таъминлашда давлат органлари ўртасидаги ҳамкорлик ва масъулиятни кучайтириш муҳимлигини таъкидлашди. Шунингдек, ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларни тизимли асосда давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Семинар давомида Қорақалпоғистон Республикаси жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлари томонидан 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида Мажбурий ижро бюроларига юборилган ижро ҳужжатлари, уларнинг ижроси, шунингдек, ижро ҳужжатлари қайтарилиш ҳолатлари юзасидан батафсил таҳлиллар ўтказилди. Шу билан бирга, Мажбурий ижро бюроларига келиб тушган ижро ҳужжатларининг ижроси ва ҳозирги ҳолати муҳокама қилиниб, ушбу жараённи янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

Тадбирда туманлараро, туман ва шаҳар судлари раисларига Мажбурий ижро бюролари билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Мазкур ҳамкорлик суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва самарали ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Шунингдек, суд ҳужжатлари ижросини таъминлашда долзарб масалалар бўйича таклиф ва тавсиялар ҳам билдирилди. Айниқса, суд ҳужжатларининг ижроси жараёнида учраётган муаммоларни бартараф этиш, ижро интизомини кучайтириш ҳамда судлар ва мажбурий ижро органлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Семинар якунида суд ва Мажбурий ижро бюролари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ижро интизомини ошириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирларни янада кучайтириш юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА