Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов Исроилнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гидеон Лустигни қабул қилди. Учрашув самимий ва конструктив руҳда ўтиб, унда икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Бухоро вилояти ҳамда Исроил ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш, ўзаро ишонч ва манфаатларга асосланган барқарор шерикликни шакллантириш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди. Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни кучайтириш, иқтисодий, ижтимоий ва инновацион соҳаларда қўшма ташаббусларни амалга ошириш муҳим эканини таъкидлади.
Хусусан, таълим соҳасида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, илмий-тадқиқот лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш, тиббиёт тизимида эса замонавий тиббий ускуналар, телемедицина, инновацион диагностика ва даволаш усулларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Туризм соҳасида Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, зиёрат туризми, экотуризм ва маданий туризм йўналишларини ривожлантириш, Исроил тажрибаси асосида туристик инфратузилмани такомиллаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Элчи Гидеон Лустиг ташриф давомида Бухоро вилоятида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ободончилик ва бунёдкорлик ишлари, инфратузилмани модернизация қилиш, янги саноат зоналари ва ижтимоий объектлар барпо этиш жараёнлари билан танишганини, ҳудуддаги тараққиёт суръатлари унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади. У Бухорони нафақат тарихий-маданий марказ, балки инвестиция ва инновациялар учун жозибадор ҳудуд сифатида юқори баҳолади.
Учрашув чоғида билдирилган таклифлар асосида келгусида аниқ йўналишлар бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ҳамкорлик “йўл хариталари”ни шакллантириш, ишчи гуруҳлар тузиш ва доимий мулоқот механизмларини йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири