Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорлик натижасида 300 та янги иш ўрни яратилади
17:36 / 2022-06-02

Иқтисодиётни янада ривожлантириш, замонавий техника ва юқори технологиялар билан жиҳозланган янги корхоналарни ташкил қилиш ва инвестицияларни жалб этиш муҳим аҳамият касб этади.

Ишлаб чиқаришда етакчи корхоналардан бири ҳисобланган “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида 2022-2025 йилларда кальцийланган сода ишлаб чиқаришни йилига 450 минг тоннага етказиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича кенг кўламли ишлар бошлаб юборган.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 апрельдаги “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида корхонада ишлаб чиқариш қувватини ошириш лойиҳасини амалга ошириш учун тендер ўтказилиб, тендер якунига кўра Россиянинг “Салюс” компанияси ғолиб, деб топилди.

Пудратчи ўз ишини сифатли, ишончли ва ўз вақтида якунлаб, ёруғ юз билан топшириш бўйича буюртмачи компаниянинг вакиллари билан бир неча маротаба учрашувлар ўтказиб, лойиҳани амалга ошириш муҳокама қилиниб, келишувга эришилди. Ҳозирда лойиҳа қурилиш майдонининг топографик расмлари ва координаталари бош пудратчига тақдим қилиниб, қурилиш майдони гидрогеология ишлари якунига етказилди.

Қурилиш майдони бош пудратчига тўлиқлигича тақдим қилиниши учун лойиҳа майдонига ер ажратиш ва ташқи муҳандислик коммуникацияларини (табиий газ, сув таъминоти ва электрэнергия) тортиб келиш ва уланиш ишларини амалга ошириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб тасдиқланди. Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 20 майдаги “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ қўшма корхонасида 2022-2025 йилларда кальцийланган сода ишлаб чиқаришни йилига 450 минг тоннага етказиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тасдиқланиб, унга кўра “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасига ижара асосида жами 76,6 гектар ер майдонлари ажратилди.

Лойиҳанинг ишга туширилиши билан корхонада ишлаб чиқариш кўлами кенгайиши, соф фойданинг ошиши, 300 та янги иш ўрни яратилиши, ўз навбатида ишчилар учун янги турар жой бинолари, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари, автомобиль йўллари қурилиб, аҳоли иш ва уй-жой билан таъминланади.

Мамлакатимизга 29 май - 1 июнь кунлари расмий ташриф билан бўлган Россия Федерациясининг Свердловск вилояти вице-губернатори бошчилигидаги бизнес вакиллар билан бўлиб ўтган расмий учрашувда, Россиянинг “Салюс” компанияси ва “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида лойиҳани амалга ошириш учун икки томонлама ҳамкорликнинг кейинги босқичига старт берилди.

Ҳар бир жабҳада амалга оширилаётган лойиҳалар аҳоли манфаатига, ишсизлик муаммоларини бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА