Жиззах вилояти коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда вилоят кенгаши депутатлари иштирок этди.
Мамлакатимизда қабул қилинган қонунлар, фармон, қарор ва фармойишларда белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси натижасида коррупцияга қарши курашиш борасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги янада ошиб, самарали механизмлар амалиётга татбиқ этилаётгани, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниб, Асосий қонунимизда коррупцияга қарши курашиш жумласи 93, 95, 109- ва 115-моддаларида ўз аксини топганлиги алоҳида қайд этилди.
Ўтган 2022 йил давомида коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши фаолияти бўйича тўрт маротаба матбуот анжумани ташкил этилиб, вилоятдаги таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда “Мен коррупцияга қаршиман”, “Коррупция жамият кушандаси”, “Коррупцияга қарши кураш, ҳаммамизнинг бурчимиз”, “Коррупция – мамлакат тараққиётига тўсиқ” каби мавзуларда учрашув ва матбуот анжуманлари, давра суҳбатлари ташкил этилди.
“Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан “Коррупция – жамият кушандаси” кўрик-танлови эълон қилиниб, якунида “Энг яхши босма нашр мақоласи”, “Энг яхши телекўрсатув ва радио эшиттириш”, “Энг яхши интернет мақоласи”, “Энг яхши видеоролик”, “Энг яхши баннер ёки тасвирий санъат асари” номинациялари бўйича ғолибларга қимматбаҳо совғалар топширилганлиги таъкидланди.
Ўтган 2022 йилнинг 1-ярим йиллиги ва 2-ярим йиллиги давомида Жиззах вилояти коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши фаолиятини рейтинг баҳолаш мезонларида белгиланган вазифалар ижроси ўз вақтида таъминланиб, амалга оширилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига тақдим этилди ва Миллий кенгаш томонидан рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, Жиззах вилояти коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг ўтган даврдаги фаолияти ижобий баҳоланиб биринчи ўринга муносиб деб топилди.
Матбуот анжумани сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА