Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
17:04 / 2025-11-26

Андижонда 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида амалга оширилган ишлар натижалари, 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси доирасидаги лойиҳаларга таклифлар бериш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ташкилотлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Вилоят адлия бошқармаси, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда фуқаролик жамияти институтлари, давлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Давра суҳбатида кейинги йилларда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

– 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши белгилаб қўйилди, – дейди вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Муроджон Аҳмадохунов. – Биргина жорий йилнинг ўзида соҳага оид 20 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Хусусан, 2025 йил 21 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига дахлдор 10 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бир сўз билан айтганда, юртимизда фуқаролик жамияти институтлари учун янги давр бошланди.

Давра суҳбатида  “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоятда амалга оширилган ишлар, уларнинг натижалари таҳлил қилинди.

Амалга оширилган ишлар хусусида вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Муроджон Аҳмадохунов, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди вилоят бўлинмаси раҳбари Зарифахон Аҳмедова, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Адҳамжон Узоқжонов, “Юксалиш” ҳаракати вилоят бўлинмаси раҳбари Диёрбек Турғунов ҳамда қатор нодавлат ташкилотлари вакилларининг маърузалари тингланди.

– Жойлардаги аниқ муаммоларни ўрганиш, уларнинг манзилли ва самарали ечимига кўмаклашиш жараёнида фуқаролик жамиятлари иштирокини кучайтириш мақсадида улар давлат гранти ва ижтимоий буюртмаси асосида қўллаб-қувватлаб келинмоқда, – дейди Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди вилоят бўлинмаси раҳбари Зарифахон Аҳмедова. – Биргина жорий йилда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга жамоат фонди Андижон бўлинмасига 5 миллиард 693 миллион сўм маблағ жалб қилинди. Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Андижон вилоятидаги фуқаролик жамияти институтларининг лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмаси шаклида 1 та лойиҳага 4 миллиард сўм, давлат гранти шаклида 13 та лойиҳа учун 1 миллиард 693 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди. Ҳозирда ана шу лойиҳаларнинг барчаси муваффақиятли якунланмоқда. 

[gallery-26427]

Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларга таклифлар берилди. Шунингдек, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, вилоятдаги долзарб муаммоларни ҳал этишда ННТлар, фуқаролик жамияти институтларининг мавжуд имконият ва салоҳиятидан кенгроқ фойдаланиш, уларнинг фаоллигини ошириш, давлат ташкилотлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир доирасида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди вилоят бўлинмаси ҳамда вилоят адлия, соғлиқни сақлаш бошқармалари, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари малакасини ошириш ўқув маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 

Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ ҳамкор ташкилотлар, ННТ ва оммавий ахборот воситалари вакилларига ташаккурномалар берилди.

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.