Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети таркибида тузилган Амалий этнология лабораторияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қўмита ва Миллий университет мутасадди ходимлари иштирок этди.
Маълумки, халқларнинг этно хусусиятларини эътиборга олмаслик, уларга ҳурматсиз муносабатда бўлиш, миллатларнинг урф-одат ва анъаналари, қадриятларининг камситилиши бугун дунёда содир бўлаётган кўплаб низоларнинг асосий сабабчисидир.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил қилингач, айни шу масалада мамлакатимизнинг этник харитасини яратиш, бу бўйича илмий марказлар ташкил қилиш, тизимдаги мавжуд ҳолатни илмий жиҳатдан ўрганиш мақсадида соҳа мутахассислари, олимлар томонидан кўплаб таклифлар илгари сурилди. Эътиборлиси, Ўзбекистон Миллий университетининг тарих факультетида этнология ва ижтимоий антропология йўналиши бўйича 2019/2020 ўқув йилида бакалаврларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича билдирилган таклиф қўллаб-қувватланди.
Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида этнология ва антропология бўйича малакали мутахассислар тайёрланади. Бироқ шу кунгача мамлакатимизда айни йўналишда кадрлар тайёрлаш тизими мавжуд эмас эди. Мамлакатимизда охирги 30 йил давомида этнология йўналишида кадрлар деярли тайёрланмаган. Қувонарлиси, Президентимизнинг мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида юргизаётган оқилона сиёсати туфайли 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Миллий университетида этнология ва ижтимоий антропология бўйича янги йўналиш ташкил қилинди.
Шунингдек, Амалий этнология лабораториясини тузиш таклифи ҳам давлатимиз раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланди ва 2020 йил август ойида мазкур лабораториянинг фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирда мазкур факультетда 39 талаба бакалавр йўналишига қабул қилинди, 28 талаба магистрлик даражасини олиш учун соҳа сир-асрорларини чуқур ўрганмоқда.
Таъкидлаш керакки, ушбу йўналишда таҳсил олаётган талабалар мамлакатимиз ва минтақамизда яшаётган турли миллат, элат, уруғларнинг ўзига хослиги, ҳудудларнинг этник қиёфаси бўйича билим олиб, миллатлараро муносабатлар соҳасидаги устувор йўналишларни англаш орқали ҳозирги ҳолат, уларнинг сабаблари, илдизларини ўрганиш, мониторинг қилиш ва бу борадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича етук мутахассис бўлиб етишади.
Ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини таъминлаш мақсадида Амалий этнология лабораторияси билан ҳамкорлик меморандуми тайёрланди. Айтиш жоизки, 2020 йилнинг ўзида бир нечта ҳамкор ташкилотлар билан меморандумлар имзоланди. Булар Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Фанлар академияси, Республика маънавият ва маърифат маркази. Имзоланган ҳамкорлик меморандуми 2021 йилдаги режаларни амалга оширишда Қўмита ва Миллий университет таркибида тузилган Амалий этнология лабораториясининг вазифалари бир-бирини тўлдиришга хизмат қилади.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси матбуот хизмати.