English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди
17:47 / 2023-12-14

Маълумки, Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Халқаро иқлим саммити – “COP28” ишида 190 дан ортиқ давлатнинг 70 мингдан зиёд вакили – ҳукумат раҳбарлари, мутахассис-олимлар иштирок этди. Анжуманда БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси асосий қоидасини амалга ошириш, бугунги экологик таҳдид ва хатарларга қарши курашиш, “яшил” тараққиёт билан боғлиқ мақсад ва вазифаларни илгари суришда кенг кўламли ҳамкорлик қилиш масалалари таҳлил қилинди.

Конференция доирасида қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров Ислом озиқ-овқат ташкилоти вакиллари билан учрашиб, Ўзбекистоннинг Ислом озиқ-овқат ташкилоти билан ҳамкорлиги истиқболи, юртимизда аграр соҳани ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали ҳосилдорликни ошириш йўлларини муҳокама қилди. Мулоқот давомида органик озиқ-овқат етиштириш, буғдойни парваришлаш бўйича тажриба алмашиш, диёримизда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва меваларни Дубайга экспорт қилиш мақсадида самарали шериклик ўрнатиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Вазир ўринбосари Дубай Қишлоқ хўжалиги вазирлиги етакчи агрономи Доктор Халил Ур Раҳмон билан ҳам суҳбатлашди. Музокарада томонлар глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ вазиятга алоҳида эътибор қаратиб, аҳоли сони ўсиши ва иқтисодиёт тармоқлари кенгайиши асносида сувга талаб ортиб бораётгани, натижада сув ресурслари тақчиллиги йил сайин кучайиб бораётганини таъкидлашди. Бу жараёнда аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда сув тежовчи технологияларни жорий этиш юзасидан тажриба алмашиш, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш зарурлиги тўғрисида якдил фикрга келишди.

Зеро, қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, айни йўналишдаги халқаро ҳамкорлик озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш орқали халқ фаровонлигини оширади, турмуш сифатини яхшилаб, юрт тараққиётини тезлаштиради.

М.Комилова, ЎзА