Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
14:33 / 2025-11-25

Бухоро энергетика, нефть ва газ саноати техникумида фуқароларни тартибли ва хавфсиз миграцияга жалб қилиш, хорижга ишга кетиш олдидан касбга ўқитиш ҳамда сертификатлаш тизимига доир учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда “Газпромнефть” компаниясининг ички хавфсизлик бошқармаси бўлим бошлиғи Виктор Сорокин бошчилигидаги делегация аъзолари, “Газпром бурение” ва “Теченергий” компаниялари масъул мутасаддилари ҳам иштирок этди.

Мулоқотда хорижий делегация томонидан Россия ўлкасида нефтни қайта ишлаш соҳаси оператори йўналишида яна 150 нафар ишчи-мутахассисга талаб борлиги таклиф этилиб, бу ўринларга ҳар бир номзод учун иш берувчи томонидан ўқитиш ва бошқа сарф-харажатлари қоплаб берилиши баён қилинди.

Сўзга чиққанлар россиялик иш берувчиларга миграция масалаларида чет эллик ҳамкасблар билан олиб борилаётган ҳамкорлик самараси, маҳаллий шароитда мутахассисларни ўқитиш, касбли қилиш чора-тадбирлари, иш берувчиларга қўйилган талаблар хусусида маълумот берди. 

Шунингдек, эндиликда хорижда ишлашни истовчиларни саралаш ва чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича вилоятда яратилган қулайликлар, бунда чет элда кафолатланган иш ва меҳнат шароитларида ишлаш,  бу жараёнда ҳам иш берувчи мигрантнинг сарф-харажатларини қоплаб бериши кафолатлангани тўғрисида ҳам сўз борди. Шу каби таклиф қилинган йўналишларда ўртача ойлик иш ҳаққи 1500-2000 АҚШ доллари атрофида эканлиги айтилди. 

Музокаралар жараёнида ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиёти имкониятларини кенгайтириш, “Газпромнефть” тасарруфидаги корхона ва ташкилотлар учун ўрта бўғин мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Якунда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўқув-ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш ва кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.