Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди
15:28 / 2023-05-04

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев хитойлик бир гуруҳ йирик тадбиркор инвесторлар “Fujian Qunfeng Investment Group” компанияси вакиллари Линь Цяньтао ҳамда Линь Чжун, “BA ASSOCIATION” компанияси бош директори Б.Абдуллаевлар билан онлайн видеоконференцалоқа учрашувини ўтказди.

Учрашувда Жўқорғи Кенгес раиси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда тадбиркорларга, шунингдек, хорижий инвесторларга яратилган шароитлар, берилаётган имтиёзлар, Оролбўйи ҳудудининг инвестицион муҳити, қазилма бойликлари захиралари, амалга ошириш имкониятларига тўхталди.  

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ахборот хизматининг маълум қилишича, шунингдек, Қораўзак туманида жойлашган "Буркиттау" кони асосида “Fujian Qunfeng Investment Group” компанияси томонидан умумий қиймати 140 миллион АҚШ долларлик мисни қайта ишлаш кластери лойиҳаси хусусида маълумот берилган. Хитойлик инвесторлар билан ушбу лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, “City group” компанияси томонидан амалга ошириладиган лойиҳа муҳокама этилди.  

Учрашув давомида “Тианженг хайтенг” компанияси томонидан Бўзатов, Кегейли ва Тахтакўпир туманларида 10 минг қорамолга мўлжалланган замонавий чорвачилик комплексини амалга ошириш юзасидан ҳам келишувга эришилди. Бундан ташқари, Шинжон-Уйғур автоном райони инвесторлари томонидан Чимбой тумани ҳудудида 50 минг бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплексини барпо этиш белгилаб олинди. Мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичида Чимбой тумани “Тоғяб” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги собиқ “Гигант” чорвачилик комплексини қайта тиклаш орқали 25 минг бош қорамол боқиш йўлга қўйилади.  

Музокаралар давомида қурилиш материаллари, каолин маҳсулотини қайта ишлаш, фармацевтика йўналишларида ҳам инвесторларни жалб этиш борасида музокаралар олиб борилди. Асосий мақсад, кўп қиррали ҳамкорликни қайта тиклаш ва кенгайтиришга йўналтирилган бўлиб, унда мутахассислар тайёрлаш борасида талаба ёшлар учун сайёҳлик, логистика, қурилиш, меъморчилик ва қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги Сичуань провинцияси университетларига Хитой грантларининг ажратилишини таъминлаш, унга Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб йўналишларни ҳам киритиш юзасидан келишувга эришилди.  

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш истагидаги ҳар бир инвестор қўллаб-қувватланиши, уларга барча шарт-шароит яратилишини қайд этди.  

Видеоконференцалоқа учрашувида мамлакатимизнинг Хитойдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Арзиев иштирок этди.  

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири