Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
10:06 / 2022-03-18

Навоий давлат педагогика институтига Россия Халқлар дўстлиги университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Андрей Колесников ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун ташриф буюрди.

Барча соҳаларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар туфайли мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги мавқейи ошиб бормоқда. Айниқса, илм-фан, таълим тизимида жаҳон андозаларига мос равишда янги инновацион, педагогик технологияларни жорий этиш кенг йўлга қўйилди. Чет эллик шериклар билан ҳамкорликда илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Илҳом Насриддинов ва Россия Халқлар дўстлиги университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Андрей Колесников ўртасида бўлиб ўтган учрашув давомида олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга доир қарор қабул қилинди.

– Ҳамкорлик доирасида рус тили кафедраси ўқитувчилари С1 даражасида тест синовларига тайёргарлик кўриб, Россия Халқлар дўстлиги университети Навоийда ушбу йўналишда имтиҳонларни қабул қилади, – дейди Навоий давлат педагогика институти кафедра мудири Феруза Жумаева. – Ҳозирги кунда умумтаълим мактабларида чет тилини билиш тўғрисидаги сертификатга эга бўлган ўқитувчиларга иш ҳақининг 50 фоизигача устама ҳақи тўлаб бериляпти. Бундан ташқари, магистратура ва докторантурага кириш учун бундай сертификатлар қабул қилиниши кўзда тутилган. Бунинг учун анкета тўлдириш ва имтиҳон синовларига пухта тайёргарлик кўриш зарур. Имтиҳон Наврўз байрамидан кейинги кунларда ўтказилиши режалаштирилган.

Андрей Колесников Навоий давлат педагогика институти рус тили ва адабиёти кафедраси профессор-ўқитувчилари билан учрашиб, келгусида ушбу кафедра базасида рус тили ўқитувчиларини С1 даражадаги имтиҳонларга тайёрлаш курсларида ўқитишни ташкил этиш юзасидан биргаликда амалга ошириладиган ишларни муҳокама қилди.

Абдували Бўриев, ЎзА