Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорлик кенгаймоқда
15:02 / 2025-12-16

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров ўртасида онлайн шаклдаги мулоқот бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва истиқболли йўналишлар бўйича фикр алмашилди.

Вилоят ҳокими мунтазамлик касб этиб бораётган мулоқотлар ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган дўстона муносабатларни ривожлантириш, ҳамкорликка оид масалаларни атрофлича муҳокама қилиш ҳамда аниқ амалий ечимлар ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. 

Ўз навбатида, Бошқирдистон раҳбари Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, айниқса, Тошкент вилояти энг ишончли ва стратегик ҳамкорлардан бири эканини айтди. Бу ҳудудда сўнгги йиллар амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестициявий муҳитни яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар Бошқирдистон ишбилармон доираларида катта қизиқиш уйғотаётганини қайд этди. 

Шунингдек, у яқинда Тошкент вилояти делегациясининг Уфа шаҳрига амалга оширган ташрифини ҳам самарали баҳолаб, меҳмонхона қуриш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича эришилган келишувлар амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини билдирди. 

Қайд этиш лозим, Бошқирдистон Республикасида саноат, қишлоқ хўжалиги, илм-фан ҳамда туризм соҳаларида амалга оширилаётган ва қўллаб-қувватланаётган дастурлар юксак натижалар бермоқда. Бу тажриба ҳар икки томон учун ҳам ўзаро манфаатли бўлиб, ҳамкорлик қадамлари аллақачон ташланган. 

Чорвачиликни ривожлантириш мақсадида 400 минг АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа доирасида 4 минг гектар ер майдони ажратилмоқда. Ҳозирда мазкур лойиҳалар бўйича ер ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари, Бошқирдистон Республикаси Халқ табобати ва апитерапия марказининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида филиални ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 300 минг АҚШ долларини ташкил этади. 

Учрашув якунида томонлар ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик янги иш ўринлари яратиш ҳамда иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилишини алоҳида қайд этди. Бугунги самимий мулоқот келгусида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга ишонч билдирилди. 

А.Мусаев, ЎзА.