Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятининг Тўқтағул тумани ҳокими Ақилбек Тюкебоев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида бўлди.
Ўзаро дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама туризм ва иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган мазкур тадбирга йигирмага яқин маҳаллий ҳукумат мутасаддилари, ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари, ишбилармонлар ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари вакилларидан иборат делегация келган. Меҳмонларни “Косонсой” чегара постида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов ҳамда туман сектор раҳбарлари карнай-сурнай садолари остида кутиб олди.
Қўшни давлат вакиллари дастлаб маърифатпарвар аллома Исҳоқхон тўра Ибрат мажмуаси ва музейда бўлишди. 1862 йилда Тўрақўрғон заминида боғбон оиласида туғилган, ҳаёти давомида етти тилни мукаммал ўрганган, бир қатор илмий асарлар ва шеърий тўпламлар ёзиб, ўзи олиб келган литографияда босмадан чиқарган, 1937 йилда мустабид тузум қурбони бўлган Ибратнинг чинакам умр йўли ҳақидаги маълумотлар ва музейдаги осори-атиқалар меҳмонлар эътиборини тортди.
Туман маданият марказида бўлиб ўтган туризм ярмаркасида меҳмонларга Наманган вилоятининг етакчи тармоқлари – кичик саноат, чарм-пойабзал, асаларичилик, тайёр-кийим ишлаб чиқариш каби маҳсулотлар ҳамда тур-компанияларнинг хизмат турларидан иборат кўргазма ҳавола этилди.
[gallery-9599]
Музокараларда ҳар икки ҳудуд ҳокимлари таъкидлаб ўтганидек, азал-азалдан бир-бирига қардош ва дўст бўлган Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда тобора тараққий этиб бормоқда. Шу жумладан, Жалолобод ва Наманган вилоятлари ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий алоқалар сифат жиҳатидан ўсиб бормоқда.
– Сизлардан қишлоқ хўжалиги, туризм каби йўналишларда ўрганадиган тажрибалар жуда кўп, ўз навбатида бизнинг туманда ҳам илғор соҳалар етарли, – деди Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳрорбек Мансуров. – Муҳими, биргаликда ишласак бу бизга ҳам, Тўқтағул туманига ҳам фойда келтиради.
– 107 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган туманимизда балиқчилик, боғдорчилик ва асаларичилик соҳалари жадал ривожланган, – дейди Жалолобод вилоятининг Тўқтағул тумани ҳокими Ақилбек Тюкебоев. – Айни шунинг учун ҳам мазкур тармоқдаги етакчи мутахассисларимиз Тўрақўрғондаги ҳамкасблари билан ўзаро фикр ва тажриба алмашишларига алоҳида эътибор қаратамиз. Қолаверса, туманимиз бетакрор табиат, баланд тоғлар ён бағрида жойлашгани сабабли туризм йўналишида ҳали фойдаланилмаган, ишга солинмаган имкониятларимиз бисёр. Наманган вилоятида бу борада муайян тажрибалар тўпланганига гувоҳ бўлдик. Келгусида, ўзаро борди-келдини, сайёҳлар оқимини кўпайтирмоқчимиз.
Самимий руҳда кечган икки томонлама учрашувда Тўрақўрғон ҳамда Тўқтағул туманлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, туризм, инвестиция, от спорти, қишлоқ хўжалиги йўналишларида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Ташриф манзили тумандаги бир қатор ишлаб чиқариш корхонаси ва агрохўжаликларга кўчди. "Gold frehs fruits" масъулияти чекланган жамияти нафақат Тўрақўрғон, балки Наманган вилоятидаги боғдорчиликка ихтисослаштирилган йирик корхоналардан бири ҳисобланади. 2016 йилда ташкил этилган хўжаликнинг 630 гектар майдонни эгаллаган боғида меваларнинг, айниқса, гилоснинг энг сархил, сердаромад навлари етиштирилади. Маҳсулотлар асосан Россия, Польша, Хитой, Корея давлатларига экспорт қилинади. Улар кейинги йилларда кўчатчиликда ноанъанавий усуллар жорий қилиб ҳам шуҳрат қозонмоқда. Жамиятда ҳозир 32 минг дона кўчат сотишга тайёр ҳолга келган. Интенсив усулда ўстириладиган ушбу ниҳоллар эртапишар, юқори сифатли ҳосил бериши билан аҳамиятлидир.
Делегация аъзоларига мазкур жамият фаолияти, шунингдек, кўчат экиш, парваришлаш, маҳсулот етиштириш ва кўпайтириш тажрибаси ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Қишнинг қаҳратон совуқ кунларида ҳам дастурхонингизда янги узилган помидор, бодринг, турли мева-чевалар бўлса, уни етиштирувчиларга офарин айтасиз, беихтиёр. Чунки, унинг меҳнати қай даражада осон эмаслигини англаш қийинмас. 5 гектар майдонда иссиқхона барпо этган “Муҳаммадали билдинг” масъулияти чекланган жамияти жорий йилнинг ўзида 120 тоннадан зиёд помидорни экспорт ва ички бозорга етказиб берди. Ушбу иссиқхонада бўлган қирғизистонлик меҳмонлар деҳқон омилкорларнинг бой тажрибасини эътироф этиб, келгусида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.
Шунингдек, меҳмонлар водийнинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланган Ахсикент тарихий обидасида бўлди. Уларга нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳлар билан доим гавжум ёдгорлик ҳақида атрофлича маълумот берилди.
– Ахсикент ҳақида тарихий манбалар ва китобларда ўқигандим. Сафаримиз давомида кўзимиз билан кўриш насиб қилганидан хурсандмиз, – дейди Тўқтағул тумани кенгаши депутати Барман Бенлеков. – Қадимги Фарғона давлатининг пойтахти Фарғона - Ахсикент шаҳри харобалари ҳисоблангани, у милоддан аввалги III асрда қурилган бўлиб, қалинлиги 5,5 метрли мудофаа деворлар билан ўраб олингани ҳақида фойдали маълумотларга эга бўлдик. Тарихий ёдгорлик, ундан топилган ашёлар ҳайратимизни янада оширди.
Қардошларимиз ташриф якунида туман ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарлари ҳамроҳлигида “FT textile group” ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди. 2018 йилда Шаҳанд қишлоғида таъсис қилинган ушбу корхона вилоятдаги йирик экспортчи субъектлардан бирига айланган. 300 га яқин ишчи-ходим меҳнат қилаётган жамият 15 минг тоннадан ортиқ ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотлар Россия, Туркия, Польша ва Хитой каби давлатларга экспорт қилинади.
Жалолобод вилоятининг Тўқтағул тумани делегациясининг Тўрақўрғонга хизмат сафари халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш асносида икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий-ижтимоий алоқалар ривожига хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.