Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорлик эзгуликка хизмат қилади
12:00 / 2024-10-13

Муносабат

Дунё мудом эврилишлар, янгиланишлар, ўзгаришлар билан тобора олдинга илгарилаб бораверади. Бугунимиз кечамизга, эртамиз бугунимизга ўхшамагани каби, ҳаётимиз ҳам бир текис, равон кечмайди. Глобаллашув барча соҳаларни бирдек қамраб олган ҳозирги шароитда ўзаро муносабатлар ўз қолипини йўқотиб бормоқда. Айни пайтда асрлар давомида элларни бирлаштирган бирдамлик айроликка, манфаатлар бир ёқламаликка айланиб бораётган даврда яшаяпмиз. Ўз тақдирини ўзи белгилай олмаётган давлатлар, тарихий илдизларидан айрилаётган миллатларни кўряпмиз...

Буларнинг барчаси ер юзида янги тамойилларни, қадриятларни яратишга сабаб бўляпти. Мамлакатларни бир мақсад йўлида бирлашишга ундаяпти. Стратегик ҳамкорликнинг масъулияти ортяпти.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ўз позициясида собит қолмоқда. Қўшни давлатлар билан дўстона ҳамкорлик ўрнатилди. Иқтисодий алоқалар мустаҳкамланди. Ўзаро тенг манфаатли, очиқ ва самарали мулоқотнинг йўлга қўйилиши натижасида чегара, сув, энергетика, савдо, транзит билан боғлиқ кўплаб муаммолар мустақил ҳал этиляпти. Марказий Осиёнинг етакчи мамлакатлари билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Ҳамкорликнинг яна бир самараси – минтақа ичидаги савдо айланмаси, инвестициялар, юк ташувлари, сайёҳлик сезиларли даражада ўсди.

Давлатимиз раҳбари халқаро анжуманларда ҳамиша якдил фикри, манфаатли таклифлари, холис муносабатини билдириб келади. Бу минтақа экологияси, “яшил” энергетика ёки инновацион технологиялар соҳаси бўладими, Ўзбекистоннинг доимо ўз айтар сўзи бор.

Президентимиз жорий йил 17 сентябрь куни Остона шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Германия етакчиларининг иккинчи учрашувидаги нутқида ҳам муҳим масалаларни ўртага ташлади.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда Германия билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий олти йўналишига тўхталиб ўтди. Хўш, улар нималардан иборат?  

Аввало, Марказий Осиё ва Германия ўртасида ўрнатилган стратегик минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда устувор соҳаларда дастурий тадбирларни қамраб олган узоқ муддатли Ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилиш таклиф этилди. Бунинг учун “Марказий Осиё – Германия” таҳлилий марказлари форумини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқиш лозимлиги билдирилди.

Германиянинг етакчи компаниялари билан инвестицион ва технологик шерикликни янада мустаҳкамлаш лозимлиги тилга олинди. Бу борада Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Германия сармоявий ва технологик ҳамкорлигини кенгайтиришнинг йўл харитасини ишлаб чиқиш, чегара ҳудудларида яратилаётган алоҳида иқтисодий ва саноат зоналаридаги, қолаверса, минтақавий аҳамиятга эга йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга етакчи немис компаниялари ва банкларини жалб этиш тўғрисида фикрлар билдирилди. Бу, ўз навбатида, доимий бизнес-мулоқот майдончаси – “Марказий Осиё ва Германия” инвестор ва тадбиркорлари кенгашини ишга туширишни тақозо қилади.  

Германиянинг илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида муҳим хомашё ресурслари соҳасидаги шериклик фойдали қазилмаларга бой минтақамизда геология разведкаси, жадал ўзлаштириш, қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига етказиб бериш каби лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга замин яратади.

Бундан ташқари, “яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорлик Марказий Осиё мамлакатларининг Германия билан энергетик мулоқотини йўлга қўйиш, илғор тажрибаларни ўрганишни тақозо этади. Айниқса, бу ҳамфикрлик кам углеродли иқтисодиёт соҳасида мутахассислар тайёрлаш салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган глобал исиш муаммоси  Марказий Осиё минтақасини ҳам четлаб ўтмаган. Бу каби иқлим ўзгаришларига биргаликда жавоб қайтаришда “Яшил Марказий Осиё” дастурлари иккинчи доирасининг ишга туширилгани ва иқлим ўзгаришларига минтақанинг мослашувида немис мутахассисларининг кўмаги салмоқли бўлаётгани эътироф этилди. Шунингдек, Атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университети базасида қўшма таълим дастурлари ва илмий алмашувларни амалга ошириш, сувдан оқилона фойдаланишда немис технологияларини жорий этиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, биохилма-хилликни сақлаш, мутахассис-экологларни тайёрлашда ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш таклифи билдирилди.

Транспорт коммуникацияларининг, жумладан, ер усти ва ҳаво ташувларининг заиф ривожланганлиги шериклигимизни чуқурлаштиришда энг катта тўсиқ бўлаётгани, Марказий Осиёни Европа билан боғловчи муқобил транспорт йўлакларини ривожлантириш учун Европа институтларини жалб этишда Германия кўмаги зарурлиги қайд этилди.

Шу ўринда айрим жиҳатлар хусусида сўз юритишни лозим топдик. Марказий Осиё ва Германия ҳамкорлиги доирасида кадрлар тайёрлаш ва бу борада Европанинг нуфузли университетлари салоҳиятидан фойдаланиш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Биргина Қашқадарё вилояти мисолида оладиган бўлсак, бугунги кунда туман (шаҳар)ларда 9516 нафар (63,4 фоиз) ёшлар хорижий тилларга ўқитилмоқда. Шунингдек, Қарши ҳамда Шаҳрисабз шаҳарларидаги Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларида 120 нафар ўқувчи ёш немис тилига ўқитилмоқда.

Шаҳрисабз ва Ғузор туманларидаги касб-ҳунар мактабларида немис касбий таълим дастурлари жорий этилмоқда. Бунда битирувчиларга халқаро даражада тан олинувчи диплом берилиб, улар Германия ва Европанинг бошқа давлатларида ишлаш имконига эга бўлади. Айни пайтда Германияда ишлаш истагини билдирган ҳамширалар ҳам тегишли тартибда тайёргарлик курсларида таҳсил олмоқда.

Хўш, Германия билан ҳамкорлик бизга нима беради? Германия дуал таълим бўйича катта тажрибага эга. Бугун юртимизда муҳандислик соҳасида ушбу таълим тизимини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йирик корхоналар ва олий таълим муассасалари ўртасида илғор муҳандислик мактаблари ташкил этиляпти. Бу малакали мутахассислар тайёрлаш имкониятларини янада кенгайтиради.

Бундан ташқари, Европадаги нуфузли университетлар билан ҳамкорлик халқаро грантлар дастурларида иштирок этишимизга имкон беради. Ёш олимларимизнинг билим ва тажрибаси кучаяди, янги авлод дарсликлари яратилади. Таълим сифати ва самарадорлиги ортади.

Институтимиз Европа Иттифоқи Erasmus+ CBHE дастурининг фаол иштирокчиларидан бири ҳисобланади. Масалан, “MechaUz” – “Инновацион ғоялар ва рақамли технологиялар орқали мехатроника ва робототехника бўйича бакалавриат таълимини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида Германиянинг “LUCAS NULLE” компанияси томонидан “Мехатроника ва робототехника” таълим йўналиши учун 22 минг евролик лаборатория жиҳозлари институтга келтирилди.

Жорий йилда Германиянинг Илменау техника университети ва Дортмунд техника университети билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Меморандум имзоладик. Унга кўра, Германия университетлари билан биргаликда қуёш сув иситиш коллекторларини ишлаб чиқариш,  қуёш панелларига хизмат кўрсатувчи қўшма СПИН-ОФФ корхонасини очиш ва бизнесни йўлга қўйиш, германиялик профессорларни мехатроника ва робототехника йўналишлари лабораториясига жалб қилиш, институтимиз профессор-ўқитувчилари ва ёш олимларини Илменау техника университетига стажировкага юбориш, техника соҳасида сунъий интеллект дастурини ишлаб чиқиш, Европа Иттифоқи грант дастурларида ҳамкорликда иштирок этиш кўзда тутилган.

Марказий Осиё ва Германия ҳамкорлиги минтақа иқтисодиётини ривожлантириш, соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш, экологик муаммоларни бартараф этиш борасидаги ишларни изчил ривожлантиришга хизмат қилади. Қолаверса, Европа давлатларига ўзига хос кўприк вазифасини бажаради. Шунингдек, сайёҳлик ва меҳнат миграцияси соҳасида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш фуқароларимиз учун виза тартибларини енгиллаштириш имконини беради.

Президентимиз ўз нутқида терроризм ва экстремизм, кибержиноятчиликка қарши кураш, ёшларнинг радикаллашувининг олдини олиш бўйича ҳам яқин ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Қўшни Афғонистонда гуманитар инқирознинг чуқурлашиб кетишига йўл қўймасликка чақирди.  

Ҳамкорлик ўзаро ҳамфикрлик пойдеворига қурилган бўлса, эзгуликка хизмат қилади. Миллатларни бир-бирига яқинлаштиради, муаммоларга ечим топишга ёрдам беради. Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги ўз сўзи, якдил фикри ана шу тамойилга асосланган.

Орифжон Бозоров,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори.

ЎзА