Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Хитой Халқ Республикасининг Нанъан шаҳри делегацияси вакиллари билан учрашди.
Ҳокимлик ахборот хизмати маълумотига кўра, учрашув давомида мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилди. Хусусан, хорижий инвесторлар учун кўчмас мулк сотиб олиш, Ўзбекистонга келиб-кетиш ва яшаш тартиб-қоидалари кескин соддалаштирилгани, солиқ ҳамда бошқа йўналишларда берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.

Учрашувда таъкидланганидек, бугунги кунда Навоий вилоятига киритилган инвестициялар ҳажмининг 79 фоизи Хитой давлати ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, айни дамда Хитойдаги олий ўқув юртларида 7 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмоқда.

Навоий вилояти республиканинг йирик саноат маркази ҳисобланиб, ҳудудда саноатнинг асосий тармоқлари тоғ-кон ва металлургия, кимё, қурилиш материаллари, текстиль ва тўқимачилик, машинасозлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилган.

Нанъан шаҳри эса Хитойнинг йирик иқтисодий марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерда қурилиш материаллари, техника, машиналар ва ускуналар, тўқимачилик, электротехника, мебелсозлик ва маиший буюмлар ишлаб чиқариш саноати, ҳудудлараро савдо-иқтисодий алоқалар ҳамда инвестициявий ҳамкорликларни йўлга қўйиш учун юқори имкониятлар мавжуд.
Учрашув давомида ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири