Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
16:01 / 2024-12-19

Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов бошчилигидаги делегацияси икки ҳудуд ўртасидаги савдо иқтисодий ва инвестицион масалаларни муҳокама этиш, истиқболли йўналишларда ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб бориш мақсадида Навоий вилоятига ташриф буюрди.

Юқори мартабали меҳмонни вилоят ҳокими Нормат Турсунов кутиб олди.  

Маълумки, 2023 йилнинг 5-7 октябрь кунлари Қозон шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги III минтақалараро ҳамкорлик форумида кимё саноати ҳамда машинасозлик, “Алабуга” ва “Мастер” технопарклари билан биргаликда Ўзбекистон ҳудудларида янги саноат парклари ташкил этиш, металлга ишлов бериш, ахборот-коммуникация саноати, уй-жой коммунал хўжалиги соҳаси ва бошқа бир қатор йўналишларда ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳалари муҳокама этилган эди.  

Форум якунида Татаристоннинг “КИПМАСТЕР” АЖ компанияси билан Навоийда махсус саноат паркини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилганди.  

Мазкур саноат паркида умумий қиймати 251 миллион АҚШ доллари бўлган 19 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, дастлаб 140 миллион долларлик озиқ-овқат саноати учун қадоқлаш идишлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида йилига 1,5 миллиард дона алюминий банкалар ишлаб чиқарилади ва бу йўналишда 200 та янги иш ўрни яратилади.  

Дастлаб, делегация аъзолари Навоий эркин иқтисодий зонасидаги Саноатни ривожлантириш комплексида бўлиб, бу ерда Татаристон билан ҳамкорликда қад ростлаётган махсус саноат паркида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишди ҳамда уларга саноат паркида ташкил этилаётган лойиҳалар тақдимот қилинди.

Ўз навбатида Татаристон Республикаси Раиси ҳам қурилиш жараёни ҳақида таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди.  

Ташриф доирасидаги музокаралар “Тинчлик Плаза” меҳмонхонасида давом эттирилиб, икки ҳудуд ўртасидаги савдо иқтисодий ва инвестицион масалалар атрофлича муҳокама этилди. Истиқболли йўналишларда ҳамкорлик бўйича келишиб олинди.   

А.Бўриев, ЎзА мухбири