French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкасблар Пентагонда учрашди
19:55 / 2025-07-15

Маълумки, Президент Дональд Трамп НАТО аъзоларига Украинага жўнатиш учун Америка қуролларини сотиб олиш таклифини берди. Шундан сўнг АҚШ ва Германия мудофаа вазирлари Вашингтонда музокара ўтказди. “Евроньюс” хабарига кўра, улар Украинага “Патриот” ҳаво мудофааси тизимини етказиб бериш масаласини муҳокама қилган.

– Германия ва Қўшма Штатлар ўртасидаги кўп йиллик, чуқур ва ишончли шериклик нафақат мамлакатларимиз, балки бутун трансатлантик иттифоққа ҳам манфаат келтиради, – дея таъкидлаган ГФР мудофаа вазири Борис Писториус Пентагондаги учрашув олдидан. – Хавфсизлик тамойили ўзгаришига жавобан Германия ва кўҳна қитъадаги иттифоқчилар Европанинг НАТОга қўшган ҳиссасини кучайтириш учун муҳим қадамлар қўймоқда. Биз мудофаага сармоя киритишни сезиларли даражада ошириш мажбуриятини олдик.

АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет ҳам “НАТО доирасидаги фаолиятда сезиларли силжиш бор, Германия бу борада етакчи” дея “жиддий мунозара”га умид билдирган.

– Ўзаро муносабатдан ташқари умумий хавфсизлик бўйича баъзи муҳим мавзулар, яъни НАТОни мустаҳкамлаш, жамоавий мудофаа салоҳиятини ошириш ҳамда Украина, Яқин Шарқ ва Ҳинд-Тинч океани каби муҳим минтақаларда хавфсизлик масалаларини ҳам муҳокама қиламиз, – деган Писториус.

Мазкур учрашув Трамп НАТО Бош котиби Марк Рюттени қабул қилгандан кейин бўлиб ўтди. Америка етакчиси айтишича, НАТО аъзолари миллионлаб долларлик Америка қуроли, жумладан “Патриот” туркумини сотиб олади ва Киевга етказади. АҚШ ва НАТО аъзоларининг бу қарори Путин учун огоҳлантиришдир.

АҚШ “Путиннинг Украина билан урушни тугатишдан манфаатдор эмаслиги”га жавобан, Россияга 100 фоизлик тариф жорий этишга ҳам тайёр ва бу амалиёт 50 кундан кейин кучга кириши мумкин.

– Биз бу урушга 250 миллиард доллар сарфладик, – дея қўшимча қилган Трамп. – Шунинг учун низо тезроқ тугашини хоҳлаймиз. Путиндан ҳафсалам пир бўлди, чунки икки ой олдин келишувга эришамиз, деб ўйлагандим.

“Патриот” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учиб келаётган ҳаво нишони, жумладан юқори даражадаги баллистик ракетани аниқлаш ва тутиб олишга қодир дунёдаги энг яхши тизим ҳисобланади.

Президент Владимир Зеленский ўтган пайшанба куни Римда бўлиб ўтган Украинани тиклаш бўйича конференцияда Германия икки тизим учун ҳақ тўлаш, Норвегия эса бир тизимни етказиб беришга рози бўлганини айтди. “Бошқа европалик ҳамкорлар ҳам ёрдам беришга тайёрлигини билдирди”, деган у.

К.Бекжонов, ЎзА