Таниқли журналист Ҳамидулла Акбаров журналистика, адабиёт, киношунослик соҳасида самарали ижод қилаётган ижодкордир. Ижодкорни яна санъат дарғалари ҳаёти, фаолиятини пухта билувчи жонли тарих, деб аташ мумкин.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан мазкур ижодий ташкилот аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Акбаровнинг “Дийдор кўришганга нима етсин” ҳамда “Мароқли фасллар, эъзозли мусоҳиблар” номли китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Ёзувчилар ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, адабиётшунос олим Наим Каримов, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва бошқалар Ҳамидулла Акбаров ўз шогирдларига ҳар жиҳатдан намуна бўлишга арзигулик устоз эканини таъкидлади.
[gallery-8451]
– Кинони қандай кўриш, уни теран таҳлил этишда Ҳамидулла Акбаровнинг изланишлари беқиёсдир, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид. – Айни пайтда домла юртимиз зиёлиларининг энг илғори, фидойи вакилларидан биридир.
– Устознинг кино ҳақидаги фикрлари барчамиз учун ғоят муҳимдир, – деди Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров. – Айни пайтда устоз Ҳамидулла Акбаров барча оммавий ахборот воситаларида санъат, адабиёт, журналистика, кинематография вакиллари, соҳадаги долзарб муаммоларни кўтариб чиққан журналистдир.
Дарҳақиқат, Ҳамидулла Акбаров санъат, адабиёт, кино, журналистика билан бирга қатағон қурбонлари бўлган зиёлиларимизнинг пок номларини тиклашда, уларнинг фаолиятини ўрганиш, тадқиқ этишда заҳматли меҳнатлари , изланишлари билан халқимиз ҳурматини қозонган ижодкор.
“Мароқли фасллар, эъзозли мусоҳиблар” китобида адабиётимиз, санъатимиз тарихида ўчмас из қолдирган атоқли ижодкорлар, санъаткорлар билан ўтказилган дамлар қаламга олинган. Улар ўзига хос фалсафий мушоҳадалар, серҳикмат лавҳаларга бой. Китоб “Адабиёт” нашриётида Луқмон Бўрихон муҳаррирлигида чоп этилган.
Ҳамидулла Акбаровнинг “Дийдор кўришганга нима етсин” китоби театр ва кино дарғаларининг кашф этилмаган қирралари, ҳаёти, фаолияти, ёрқин хотиралар ҳақида ҳикоя қилади. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа ижод уйида чоп этилган ушбу китобга филология фанлари доктори Раъно Иброҳимова, санъатшунослик фанлари доктори Олтиной Тожибоева тақриз ёзган.
– Бу китобларни ёзишда ота-онам олдидаги бурчимни адо этишни ният қилганман, – деди ижодкор Ҳамидулла Акбаров. – Гарчи болалигим уруш, қаҳатчилик йилларига тўғри келса-да, болалигим Абдулла Қодирий таърифлаган гул рангида намоён бўлади. Мен китобларда шуларнинг барини қоғозга туширишга интилдим.
Тадбирда устоз Ҳамидулла Акбаров фаолияти, унинг янги китоблари ҳақида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири