Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамид Олимжонга эҳтиром ифодаси
16:20 / 2024-12-10

-

Водийларни яёв кезганда, 

Бир ажиб ҳис бор эди манда. 

Чаппар уриб гуллаган боғин, 

Ўпар эдим ватан тупроғин. 

Ҳамид Олимжоннинг ушбу мисралари билан бошланадиган шеъри ҳар бир ўзбекка фахр-ифтихор бағишлайди. 

Фарғона вилоятида маънавият ва маърифат масканлари сони яна биттага кўпайди. Қувасой шаҳар “Қўчқорчи” маҳалла фуқаролар йиғинида янгитдан таъмирдан чиқарилган Ўзбекистон халқ шоири Ҳамид Олимжон хиёбони, унинг номидаги музей ҳамда маҳалла биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят, шаҳар ҳокимлиги масъуллари, зиёлилар, ижодкорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Вилоят ҳокими ўринбосари Шерзоджон Полвонов мамлакатимизда маънавият, адабиётга қаратилаётган катта эътибор хусусида сўз юритиб, Қувасойдаги бу маскан элимизнинг севимли шоирига муносиб эҳтиром бўлганлигини қайд этди. 

[gallery-20788]

Ҳамид Олимжон ўзбекнинг ўзидан ўлмас мерос қолдирган атоқли фарзанди – дилбар шоир, талантли драматург, йирик олим ва танқидчи, йирик давлат ва жамоат арбоби эди. У қисқа умри давомида халқимизнинг чексиз меҳрини қозонди. Ҳамид Олимжон том маънода ватанпарвар шахс эканлигини “Дарё кечаси”, “Чирчиқ соҳилларида”, “Ўлка”, “Бахт”, “Ойгул билан Бахтиёр”, “Зайнаб ва Омон”, “Семурғ” асарлари орқали билиш мумкин. 1980 йилда Қувасой шаҳар Қўчқорчи қишлоғида унинг ҳайкали ўрнатилган бўлиб, таъмир ҳолатга келиб қолганди. 

Вилоят ҳокимлиги томонидан Ҳамид Олимжон ҳайкали ўрнатилган ҳудуд ободонлаштирилиб, реконструкция қилинди. Кўркам қиёфа касб этган бу маскан чинакам маънавият ва маърифат марказига айланди. Шу билан биргаликда маҳалла биноси ҳам таъмирдан чиқарилди. Бу ерда мўжазгина Ҳамид Олимжон музейи ҳамда кутубхона ташкил этилди. 

– Шоирнинг кўплаб шеърлари халқимизнинг қалбидан жой олган, – дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Дилнавоз Қўлдошева. – Бугун олимларимиз томонидан унинг ижоди кенг ўрганиляпти. Мана бу хиёбон эса янада гўзал қиёфа касб этиб, Ҳамид Олимжонга бўлган юксак эҳтиром ифодаси бўлди. 

Тадбир иштирокчилари Ҳамид Олимжон ҳайкали пойига гуллар қўйишди, маҳалла биносида яратилган шароитлар, музей, кутубхона фаолияти билан танишди. 

М.Сулаймонов, М.Қодиров олган суратлар