Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ҳамдўстлик болалари” форуми иштирокчилари Сенат фаолияти билан танишди
11:48 / 2023-06-24

Ўзбекистонда “Ҳамдўстлик болалари” 8-халқаро маданий-маърифий форуми бўлиб ўтмоқда.

Форумда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан юзга яқин мактаб ўқувчиси ва уларнинг устозлари иштирок этмоқда.  

Иштирокчилар форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ташриф буюрди.  

Парламент аъзолари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Сенат Раиси Танзила Норбоева ёш меҳмонларни қутлар экан, ушбу муҳим халқаро форумнинг Ўзбекистонда ташкил этилгани қувонарли  эканини таъкидлади.  

– Форумда ҳар бир давлат делегацияси ўз тақдимотлари, ғоя ва таклифлари билан иштирок этаётгани тадбирнинг ранг-баранг ва  қизиқарли ўтишига хизмат қилади, – деди Сенат Раиси. –Ўзбекистонлик тенгдошларингиз ташкил этган миллий санъат, ҳунармандчилик, маданият, ошпазлик намуналари, кўргазмалар, ўйлайманки, сизларда катта таассурот қолдирди. Темурийлар тарихи давлат музейида бўлганингизда Ўзбекистоннинг буюк ўтмиши ҳақида ҳар томонлама тушунчага эга бўлдингиз, деган умиддамиз. Ёшлар парламенти аъзолари билан мулоқот ҳам ёшлар манфаатларига мос келадиган янги ташаббус ва ғояларни илгари суриш имконини беради.  

Жонли мулоқот давомида форум иштирокчилари Ўзбекистонда  ёшларни иш билан таъминлаш, юзага келаётган экологик муаммолар ва уларнинг ечимлари, ҳозирги глобаллашув жараёнида қадрият ва анъаналарни сақлаб қолиш, Сенатга аҳолининг мурожаатлари қандай йўлланиши, уларнинг ҳал этилиши, мамлакатлар ўртасидаги парламент алоқаларини янада мустаҳкамлаш каби масалалар бўйича саволларига сенаторлардан жавоб олди.  

Форум иштирокчилари Сенат фаолияти, қонунчиликда бўлаётган ўзгаришлар билан яқиндан танишди. Меҳмонлар пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари, хусусан, “Наврўз” этнографик боғига саёҳат қилди.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА