ХАМАС гуруҳнинг Ғазодаги раҳбари Яҳё Синварни ўтган ҳафта Теҳронда ўлдирилган Исмоил Хания ўрнига сиёсий етакчи этиб тайинлади.
Бу ҳақдаги баёнот сешанба куни Яқин Шарқ бўйлаб кескинлик авжига чиққан, Эрон Хания ўз ҳудудида ўлдиргани учун Исроилдан қасос олишга ваъда берган бир пайтда эълон қилинди.
Синвар 7 октябрь куни Исроилга уюштирилган ҳужум бошида турган. У энди ҳаракатни Ғазонинг номаълум жойидан туриб бошқаради. Яҳё яширин ҳолатда қандай қилиб шериклари билан мулоқот қилиши, сиёсий амалиётни мувофиқлаштириши, ўт очишни тўхтатиш бўйича музокарани назорат қилиши эса номаълумлигича қолмоқда. Исроил расмийлари янги раҳбарни ҳам йўқ қилиш истагини яширмади.
1962 йил Хон Юнисда туғилган Яҳё Синвар кўпинча ХАМАСнинг энг муросасиз юқори лавозимли амалдорларидан бири сифатида таърифланади. У ўтган аср 80-йиллари бошида Ғазодаги Ислом университетида ишғолга қарши фаол иштироки учун Исроил томонидан бир неча бор ҳибсга олинган. Ўқишни тамомлагандан сўнг қуролли қаршилик кўрсатадиган жангчилар тармоғини яратишда қатнашган. Айнан шу гуруҳ кейинчалик ХАМАСнинг ҳарбий қаноти ҳисобланган Қассам бригадасига айланди.
Синварга нисбатан тўрт марта умрбод қамоқ жазоси тайинланган. Бу тахминан 426 йиллик жазога тенг. Яҳё 23 йил умрини Исроил қамоқхонасида ўтказиб, турмада иброний тилини, Исроил ички ишлар тизими ва сиёсатини ўрганди. 2011 йил ХАМАС асирга олган исроиллик аскар Гилад Шалит қутқарилиши назарда тутилган маҳбуслар алмашинуви битими доирасида озод қилинган.
Озодликка чиққач, ХАМАС сиёсий бошқаруви тизимида янада тез кўтарилди. 2012 йил гуруҳ сиёсий бюросига сайланиб, унга Қассам бригадаси ишини мувофиқлаштириш вазифаси юкланди. 2014 йил Исроилнинг Ғазога етти ҳафталик ҳужуми чоғида сиёсий ва ҳарбий етакчи сифатида гавдаланди. Қўшма Штатлар уни глобал террорчи деб атайди. 2017 йил Синвар гуруҳ сиёсий бюроси раиси этиб сайланган Ханиянинг ўрнига Ғазодаги ХАМАС гуруҳи раҳбарлигига келди.
– Бутун дунё, халқаро ташкилотлар давлатимиз ёнида бўлиб, ишғолни жиноят деб ҳисоблаши, халқимиз қирғини тўхтатилишини кутгандик, – деган эди Синвар. – Афсуски, дунё буни кузатиб турди.
С.Поёнов, ЎзА