Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳам саёҳат, ҳам зиёрат
12:17 / 2022-11-16

Кекса авлод вакилларини қадрлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос қадрият, турмуш тарзимизнинг ажралмас бир бўлаги. Бу борада кейинги пайтда давлатимиз томонидан зарур чора-тадбирлар белгиланиб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, уч йилдан буён ноябрь ойи юртимизда “Кексалар учун туризм ойлиги” деб эълон қилинган. Ойлик доирасида Самарқанд вилояти маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари, нуронийлар жамоатчилик кенгашлари томонидан кекса авлод вакилларининг юртимиздаги тарихий-маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларга саёҳати, турли маданий-маърифий, хайрия тадбирлари ташкил этилмоқда.

– Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли бугун йил давомида фахрийларнинг юртимиз бўйлаб саёҳатлари уюштирилмоқда, – дейди Ургут тумани нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Фармон Азизов. – Ҳокимлик, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда тадбиркорлар кўмагида йил бошидан буён 400 нафардан ортиқ нуронийлар Тошкент, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Самарқанд шаҳарларига саёҳатга бориб келди. Айни чоғда – кексалар туризм ойлиги доирасида туманимиз нуронийларининг Самарқанд шаҳридаги халқаро туристик марказга саёҳати уюштирилмоқда. Ҳар куни об-ҳавога қараб 20-30 нафар отахон ва онахонлар янги сайёҳлик маркази ва шаҳардаги бошқа муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб келмоқда. Бундан ташқари, туманимиздаги Ғавсул Аъзам, Чорчинор қадамжоларига саёҳатлар ташкил этилмоқда. Гап фақат сайру саёҳатда эмас, аввало, нуронийларимизнинг вақтини мазмунли ўтказиш, қолаверса, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан уларни яқиндан таништиришда.  

Маълумотларга кўра, ойлик доирасида тумандаги оилавий шифокорлик пунктлари ва поликлиникаларда кексалар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Уйда ётиб қолган 133 нафар кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон тарқатилди. Маҳалла фуқаролар йиғини кўмагида 72 нафар биринчи гуруҳ ногирони ва 58 нафар ўзгалар парваришига муҳтож қариялар хонадонида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Ғ.ҲАСАНОВ,  

ЎзА