Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳам савоб, ҳам ибрат: ҳажга аталган маблағ кўчани асфальтлаштиришга сарфланди
10:35 / 2022-06-06

Халқимиз азалдан саховату савобга ўч, “кўпнинг дуоси кўл” деган нақлга амал қилиб яшайди.

Фарғона вилояти Қува тумани Хонобод қишлоғида истиқомат қилувчи Саодатхон ва Муроджон Пирматовлар эзгу ишга бош бўлди. Улар ҳаж зиёратига атаб йиққан маблағлари ҳисобидан маҳалладаги кўчани асфальтлаштирди. Маҳалла аҳли бу эзгу ишдан мамнун. 

– Кўчамиз ёзда чанг, қишда лой бўлиб, айниқса, мактабга қатнайдиган фарзандларимиз жуда қийналарди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маҳлиё Шарофиддинова. – Ҳамқишлоқларимизнинг хайрли иши барчани хурсанд қилди, деярли бир чақирим масофадаги кўчамиз обод бўлди. “Йўл қурмоқ, кўприк солмоқ – улуғ савоб” дейилади муқаддас китобларда. Саховатпеша юртдошларимизнинг бу амали бир неча ҳаж савобига айланса, не ажаб! 

Эътиборли жиҳати, бу ишдан таъсирланган хонободликлар орасида савобли ишга бош қўшишни ният қилганлар кўпаймоқда, айниқса, ёшлар ибратли ташаббусни қўллаб-қувватламоқда, “бизга нима хизмат” дегувчилар сони ортмоқда. 

– Одамларимизда боқимандалик кайфияти тобора йўқолиб бораётгани кишини хурсанд қилади. Ҳамқишлоғимиз бу иши билан кўпчиликка ибрат бўлди, – дейди фахрий журналист Шамсиддин Қорабоев. – Ахир, маҳалла ободлиги, юртимиз кўркамлиги биринчи навбатда ўзимизга, шу ерда истиқомат қилувчиларга боғлиқ. 

Бугун атроф қишлоқлардан ҳам фуқаролар келиб, Муроджон акани сўроқлаб, дуо бериб, дуо оляпти. “Ҳожи ака”, “Ҳожи она” дея мурожаат қилишга одатланган. Текис ва равон йўлдан ўтган-кетганлар “Ҳожи кўча”ликларга ҳавас билан боқаётгани эса кишини фақат мамнун қилади.

М. Сулаймонов, ЎзА