Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳам дилимда, ҳам тилимдасан – Ватан!
16:10 / 2025-09-19

Тошкент вилояти ҳокими ташаббуси билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” эзгу ғояси асосида шу йил август ойи бошида “Ватанимни мадҳ этаман” танлови эълон қилинган эди. Унда Тошкент вилоятида туғилиб, ижод қилаётган профессионал ва ҳаваскор шоирлар қатнашди.

Тадбир Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаларининг вилоят бўлимлари, вилоят Маданият ишлари бошқармаси ҳамда Республика Маънавият марказининг вилоят бўлими ҳамкорликда ташкил этилди. Ўтган давр мобайнида ўнлаб ижодкорларнинг она Ватан тараннумига оид юзга яқин ранг-баранг шеърлари ҳакамлар ҳайъати манзилига етиб келди. 

Нурафшон шаҳридаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими биносида кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш тадбири ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Раҳматилла Шералиев, вилоят Маданият ишлари бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Зарифа Эралиева, Республика Маънавият марказининг вилоят бўлими раҳбари Санжар Тўхтаев, уюшмалар ходимлари ва ёшлар иштирок этди.

Танлов қоидаларига кўра, танловга юборилган шеърий асарларда мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, юртдошларимизнинг турмушини яхшилаш, дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилаётгани акс этиши лозим. Шу билан бирга, сўнгги йилларда юртимиз маънавий-маърифий ҳаётида амалга оширилаётган ўзгаришлар сингари энг долзарб масалаларнинг қамраб олиниши асосий баҳога таъсир этиши белгиланган.

Танлов ғолибларига, яъни 1-ўрин соҳибига 10 миллион, 2-ўрин эгасига 7 миллион, 3-ўринни эгаллаган иштирокчига эса 5 миллион сўм пул мукофотлари ва дипломлар берилиши белгиланган. 

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, биринчи ўринни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Ашурали Боймуродов эгаллади. Иккинчи ўрин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, таржимон ва журналист Оллоёр Бегалиев муносиб кўрилди. Учинчи ўрин эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли ёш шоира Ирода Раҳмоналиевага насиб этди.

Шунингдек, тадбирда рағбатлантирувчи ўринлар соҳибларига ҳам пул мукофоти ҳамда диплом тақдим этилди. 

Тадбир давомида ғолиблар ўзларининг Ватан ҳақидаги ижод намуналаридан ўқиб берди.

А.Мусаев, ЎзА.